Инсонларни камситиш

09:22 / 17.08.2020 | Mukharram | 586
Ассалому алайкум! Қуръон ва саҳиҳ ҳадисларда инсонларни ҳар тарафлама, мисол учун ташқи кўринишини камситиш ҳақида қандай ҳукмлар мавжуд? Шу ҳақида маълумот берсангиз.
«Билимсизликнинг шифоси» ҳайъати:

– Ва алайкум ассалом!

«Ҳужурот» 11. Эй иймон келтирганлар! Бир қавм бошқасини масхара қилмасин, эҳтимол, улар булардан яхшироқдир. Ва аёллар ҳам бошқа аёлларни (масхара қилмасинлар), эҳтимол, улар булардан яхшироқдир. Ва ўзингизни ўзингиз мазах қилманг, бир-бирингизга лақаб қўйманг. Иймондан кейин фосиқлик исми нақадар ёмон! Ва ким тавба қилмаса, бас, ана ўшалар золимлардир.

Албатта, ўзгаларни масхара қилиш ёмон одат бўлиб, жамият аъзолари ўртасидаги ўзаро алоқаларнинг бузилишига сабаб бўлади. Бир одам иккинчисини масхара қилса, камситса, устидан кулса, албатта, масхара қилинган одамнинг аччиғи чиқади, у ҳам масхара қилувчига ўзига яраша жавоб беришга уринади. Орада низо-жанжал чиқади, ижтимоий алоқалар бузилади ва жамият заифлашади. Ислом эса доимо мусулмонлар жамиятининг мустаҳкам бўлиши учун қайғуради. Шунинг учун ҳам ушбу ояти каримада Аллоҳ таоло инсонларни бир-бирини масхара қилишдан қайтармоқда.

(Тафсири ҳилол” китобидан. Хужурот сураси, 11-оят )

 Валлоҳу аълам!