Намозда огоҳлантириш

10:49 / 17.08.2020 | Nozimaxon | 449
Ассалому алайкум! Бир диний китобда ўқишим бўйича намоз ўқиётган пайт кимдир ҳалақит берса ёки шовқин бўлиб кетса, огоҳлантириш ёки намоз ўқиётганини билдириш мақсадида белги бериш, яъни буни эркак киши 3 марттагача томоқ қириб, аёллар эса 3 марттагача қарсак чалиши мумкин экан. Шу иш тўғрими?
«Билимсизликнинг шифоси» ҳайъати:

– Ва алайкум ассалом!

 

عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ t، عَنِ النَّبِيِّ r قَالَ: التَّسْبِيحُ لِلرِّجَالِ وَالتَّصْفِيقُ لِلنِّسَاءِ. رَوَاهُ الْخَمْسَةُ.

624. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Тасбеҳ эркаклар учун, қарсак хотинлар учун», дедилар».

Бешовлари ривоят қилганлар.

Шарҳ: Намоз ўқиётган киши бирор нарсани билдирмоғи керак бўлиб қолса, нима қилиши лозимлиги шу ҳадисдан билинади. Агар намоз ўқувчи эркак киши бўлса, у тасбеҳ айтади. Мисол учун, имом хатога йўл қўйганда ёки ўзининг намоз ўқиётганини билдирмоқчи бўлганида тасбеҳ айтади. Аёл киши эса овоз чиқариб тасбеҳ айтишнинг ўрнига қарсак чалади.

Бу нарса намоздан бошқа жойларда ҳам йўлга қўйилган. Юқорига ўхшаш вазиятларда аёл киши ўз муносабатини билдириш учун қарсак чалади, эркак киши эса тасбеҳ ёки такбир айтади.

625- عَنْ سَهْلِ بْنِ سَعْدٍ t، عَنِ النَّبِيِّ r قَالَ: مَنْ نَابَهُ شَيْءٌ فِي صَلَاتِهِ فَلْيُسَبِّحْ، فَإِنَّهُ إِذَا سَبَّحَ الْتُفِتَ إِلَيْهِ، وَإِنَّمَا التَّصْفِيقُ لِلنِّسَاء. رَوَاهُ الثَّلَاثَةُ.

625. Саҳл ибн Саъд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Кимга намозда бир нарса ориз бўлса, тасбеҳ айтсин. Чунки тасбеҳ айтса, унга илтифот қилинур. Қарсак аёллар учундир», дедилар».

Учовлари ривоят қилганлар.

Шарҳ: Бу ерда «илтифот» сўзи луғатда «ўгирилиб қараш, эътибор қаратиш» маъносини англатади.

Бу ривоят аввалгисини таъкидлаб кел­япти. Намозхон эркакка бир зарарни даф қилиш учун тасбеҳ эҳтиёжи тушса, «Субҳаналлоҳ» деб, тасбеҳ айтади. Аёл киши эса шу мақсадда қарсак чалади.

(“Ҳадис ва Ҳаёт” китобидан )

 Валлоҳу аълам!