Ассалому алайкум! Арафа куни дўзахдан озод этилади - дегани бу тирик одамларгами ёки ўтган одамларга айтилган ҳадисми?
– Ва алайкум ассалом!
- وَعَنْهَا عَنِ النَّبِيِّ r قَالَ: مَا مِنْ يَوْمٍ أَكْثَرَ مِنْ أَنْ يُعْتِقَ اللهُ فِيهِ عَبْدًا مِنَ النَّارِ مِنْ يَوْمِ عَرَفَةَ، وَإِنَّهُ لَيَدْنُو ثُمَّ يُبَاهِي بِهِمُ الْمَلَائِكَةَ فَيَقُولُ: مَا أَرَادَ هَؤُلَاءِ؟ رَوَاهُ مُسْلِمٌ وَالنَّسَائِيُّ.
1359. Яна ўша кишидан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Арофат куничалик Аллоҳ бандани дўзахдан кўпроқ озод қиладиган кун йўқдир. Албатта, У зот яқинлашиб келади ва фаришталар олдида улар билан фахрланиб: «Анавилар нимани ирода қилдилар?» дейди», дедилар».
Муслим ва Насаий ривоят қилганлар.
Шарҳ: Бу ҳадиси шарифда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳаж кунларидан бири бўлмиш Арофат кунининг фазли ҳақида сўз юритмоқдалар. Аллоҳ таоло бандаларини дўзахдан энг кўп озод қиладиган кун Арофат куни экан. Чунки Арофатда турган кишилар тавбани энг кўп қиладиган кишилар бўлиб, уларнинг ўзларини хору зор тутишларини кўриб, Аллоҳ таоло фаришталар олдида улар билан фахрланади. Шунинг учун Арофатда туриш бахтига мушарраф бўлган ҳар бир банда ўша куннинг улуғ фазлидан баҳраманд бўлиб қолиш учун қаттиқ ҳаракат қилиши керак. Худди ана шу куни у Аллоҳ таоло дўзахдан озод қилган саодатмандлар жумласидан бўлиб қолиши мумкин.
«Албатта, У зот яқинлашиб келади ва фаришталар олдида улар билан фахрланиб: «Анавилар нимани ирода қилдилар?» дейди».
Бу ҳодиса ҳам Арофат куни бўлади. Аллоҳ таоло фаришталари олдида ҳажга борган бандалари билан фахрланади. Бу ҳажнинг улкан фазилати бўлиб, бу мақомга фақатгина ҳаж қилган бандагина эришиши мумкин.(“Ҳадис ва Ҳаёт” китобидан )
Валлоҳу аълам!