Ассалому алайкум! Бувижоним 66 ёшдалар, шу кунларда тунги уйқуларида баланд овозда турли тушунарсиз сӯзлар айтиб чӯчиб кетаяпдилар. Ӯзларидан сӯрасак, ҳеч нарсани эслай олмасликларини, қандай овозлар чиқаришларини ӯзлари ҳам билмасликларини айтадилар. Бу каби уйқудаги нотинчлик, турли овозлар чиқаришнинг сабаби нимада? Бундан қандай қутулиш мумкин? Илтимос, маслаҳатингизни аяманг!
– Ва алайкум ассалом! Эҳтимол бувингиздаги бу ҳолат “тунги террор” ёки “уйқу террори" бўлиши мумкин. Бу ҳолат инсонларнинг 10-11% да бўладиган ҳолатдир. Кўпинча ёш болаларда кузатилади. 30 сониядан 3 дақиқагача давом этиши мумкин. Камдан-кам ҳолатларда 1 соатгача чўзилиши кузатилган. Бу ҳолат кечки уйқунинг биринчи фазаси тугаб иккинчи фазасига ўтилишида содир бўлади ва уйқусидаги ҳолатларни эрталаб уйғонгач инсон эслай олмайди. Келиб чиқишининг сабаблари қуйидагича: стресс ҳолатлари оқибатида, кам уйқулик бўлганда, чироқ ёқилган хонада ёки шовқин жойда ухлаганлиги сабабидан, сийдик қопининг тўлиб қолганлиги, тез-тез жой ўзгартирилиши ҳамда генетик фактор сабабидан. Бундан ташқари яна кўпгина сабаблари бўлиши мумкин. Мисол учун уйқу вақтидаги апноэ синдроми (нафас олишнинг тўхтаб қолиши), мигрень, бош суяк ва миянинг чайқалиши, нотинч оёқ синдроми, дори-дармонларнинг таъсири, уйқу вақтида мия таламусининг ҳаддан зиёд активлиги каби. Бувингизни бу ҳолатдан чиқариб олиш учун уни невропатолог кўригига олиб борилиши, эҳтимол полисомнография қилиниши керакдир. Бу ҳақдаги тўлиқ маълумотларни невропатолог шифокоридан олишингиз мумкин. Валлоҳу аълам!