Ассалому алайкум! Мен бир турмуш ўртоғи ва уч нафар фарзанди бор, жуда оқила аёлни севиб қолдим. У мендан “нари юришни” сўради, лекин у ҳам бефарқ эмас. Нима қилишим лозим?
«Билимсизликнинг шифоси» ҳайъати:
Ва алайкум ассалом! Бу севги ҳам, муҳаббат ҳам эмас. Бу шайтоннинг васвасаси ва нафс балосидир. Ҳақиқий севги, муҳаббат маҳбуб кишининг бахтини, камолини исташ бўлади. Агар сиз чиндан ҳам ўша аёлни севсангиз, унга нисбатан муҳаббатли бўлсангиз, уни ҳурмат қилишингиз, шаънини, бахтини ўйлашингиз, жондан азиз бўлган уч нафар фарзандларининг келажагини ўйлашингиз керак. Ҳаққига дуо қилиб, уни тинч қўйишингиз, у учун қўлдан келган яхшилигингизни қилишингиз керак. Агар уни йўлдан уришни, бошини айлантиришни, оиласи бузилишини, фарзандлари тирик етим бўлишини, шаънига доғ тушишини истаётган бўлсангиз, шайтоннинг васвасасига учаётган бўласиз. Шу йўллар билан унга эришаман, деб нафсингиз сўзига кирсангиз, сиз у аёлни эмас, нафсингизни севасиз ва нафсингизнинг қули бўласиз. Нафақат бу дунёдаги ҳаётини, балки охиратини ҳам куйдирасиз. Бу севги эмас, албатта. Шуларни ўйлаб кўринг. Валлоҳу аълам!.