Намоз, тўкилган соч

13:24 / 13.04.2017 | Савол | 1285
Ассалому алайкум! Яқинда аъзо бўлганим учун кўп саволларга жавобларни ўқиб улгурмадим ва тушуниб олишимга ҳам сал вақт кeтса кeрак. Қайта саволларни бeраётган бўлсам узр. Саволларим қуйидагилар :
1. Камида 3 ой ўзга юртдаман. Намозни фақат фарзларини ўқиб, шом вақтида 2 ракъат Туҳфаю Расулни ҳам ўқисам бўладими?
2. Тўкилган сочларни “ахлатга, бошқа жойларга ташлаш мумкин эмас, уни дарахт тагига кўмиб қўйиш кeрак” дeб эшитганман. Баъзилар ҳамма турдаги дарахтларни тагига кўмиб бўлмайди дeйишди. Мисол учун: ёнғоқ, хурмо дарахтлари каби. Ҳақиқатдан ҳам шундайми?
«Билимсизликнинг шифоси» ҳайъати:
Ва алайкум ассалом!
1. Камида уч ой ўзга юртда бўлсангиз, намозларни тўлиқ, фарзларига қўшиб суннатлари ва витрини ҳам ўқинг. Витрни ўқиш вожиб, суннатларни эса Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳеч қачон тарк қилмаганлар. Шомдан кейинги «туҳфаи расул» баъзи сўфийларнинг одати. Ўрнига суннатда келган «аввобийн» намозини ўқинг.
Аввобийн намози
Бу намоз шом намозидан кейин ўқилади ва олти ракъат бўлади. Аввал тўрт, кейин икки ракъат ёки икки-икки ракъатдан қилиб ўқилади. Аллоҳ таоло Исро сурасида:
«Албатта, У Зот аввобийнларни мағфират қилувчидир», деган (25-оят).
Имом Табароний Аммор ибн Ёсир розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда: «Ким шомдан кейин олти ракъат ўқиса, гуноҳлари мағфират қилинур, агар денгизнинг кўпигича бўлса ҳам», дейилган. (Мўъминнинг меърожи)
2. Одам мукаррам зот бўлгани сабаб унинг аъзолари, ҳаттоки ундан чиққан чиқиндилар ҳам тупроққа кўмилади. Дарахт тагига кўмиш шарт эмас, тупроққа кўмилса бўлди. Айнан фалон дарахт тагига кўмилади ёки кўмилмайди, деган гап йўқ. Валлоҳу аълам!.