Қори бўлиш

16:42 / 26.08.2020 | Muslima qiz | 898
Ассалому алайкум! Саволим ноўрин бўлса узур. Мени ёшим 16да. Ҳозир олий ўқув юртига кириш учун тайёрланяпман. ИншаАллоҳ дунёвий дарсларимдан бўшаб диний билимларга вақт ажратишни ният қилиб қўйганман.1.Қори/ Қория бўлиш учун Қуръони Каримни ёдлаб унга амал қилса бўлдими ёки шу соҳада қори бўлиб ишлаши ҳам керакми? Бошқа касб эгаси бўлиб қори мақомига эришиш мумкинми? 2. Қориялар ўранган бўлиши шартми? 3. Қори/ Қория бўлиш учун қаерда ўқиш керак? Илтимос маслаҳатингиз жуда керак.
«Билимсизликнинг шифоси» ҳайъати:

– Ва алайкум ассалом! Қуръонни соҳа сифатида ўрганилса, у учун хизмат қилиш керак бўлади. Аммо ўзи учун ўрганса, бошқа соҳани танлаш жоиз. Албатта Қуръонга хизмат қилган афзал. Қуръон ёдлаш билан бирга бошқа илмларни ўрганиш жоиз. Бошқа соҳада бўла туриб қори бўлиш мумкин. Ҳар бир балоғатга етган аёл авратини сатр қилиши фарз. Валлоҳу аълам!

Ўзбекистон мусулмонлари идораси тизимида битта олий (Тошкент Ислом институти), 9 та ўрта махсус таълим муассасалари (Тошкентда «Кўкалдош», Бухорода «Мирараб», Андижонда «Саййид Муҳйиддин Махдум», Наманганда «Мулла Қирғиз», Китобда «Хожа Бухорий», Урганчда «Фахриддин ар-Розий», Нукусда «Муҳаммад ал-Беруний», шунингдек Тошкентда «Хадичаи Кубро», Бухорода «Жўйбори калон» аёл-қизлар билим юрти) ҳамда имомларни қайта тайёрлайдиган Имом ал-Бухорий халқаро маркази мавжуд.