Ассалому алайкум! Ассалому алайкум мени анчадан бери бир савол ўйлантиряпти. Авваллари ҳайз одатим 5-6 кун эди, фарзандли бўлгач бачадон ички воситасини қўйдирганимдан кейин 12-15 кунгача ҳайз кўраяпман, бошида оз-оздан, кейин кўпроқ яна озроқдан келиб тўхтаяпти, лекин барибир 10 кундан кам эмас. Саволим шуки, энди менинг одатим қанча кун бўлади, намозларимнинг ҳукмичи?
«Билимсизликнинг шифоси» ҳайъати:
Ва алайкум ассалом! Ҳайзнинг энг кўпи ўн кун. Ундан кам бўлса, ўшанча кунни оласиз. Ўн кундан ортиқ бўлмайди. Ҳайз деб ҳисобланган кунлардаги намоз сиздан соқит бўлади.
Имом Табароний ва Дорақутний Абу Умома розияллоҳу анҳудан келтирган ривоятда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Бикр қизнинг ва турмушга чиққан аёлнинг оз ҳайзи уч кундир, кўп ҳайзи ўн кундир. Ундан зиёда бўлса, истиҳозадир», деганлар («Кифоя»дан).
Одатда кўриб юрган кунларингизнинг миқдоричаси ҳайз, қолгани истиҳоза бўлади. Аввалидан келганими ёки охиридан келганими, деган савол туғилса, икки ҳайз ўртасидаги покликка қаралади. Авваллари 20 кун поклик, 6 кун ҳайз бўлган бўлса, ҳайздан кейин 20 кунгача бўлган кунни поклик, кейинги 6 кунни ҳайз деб ҳисобланади. Мабодо 15 кун поклик, 6 кун ҳайз одат бўлиб, туғруқдан кейин 15 кун поклик, 12 кун ҳайзга ўтиб қолса, 15 куни поклик, 6 куни ҳайз, қолган 6 куни истиҳоза ҳисобланади. Валлоҳу аълам