Ассалому алайкум! Ассалому алайкум, Одинахон опа! Берган саволларимга вақт ажратиб, жавоб бераётганингиз учун раҳмат. Аллоҳ сиздан рози бўлсин. Психиатрия фанидан дарс берувчи домламиздан эшитгандим: эпилепсия касаллиги билан Напалеон Бонапарт, Пётр-1 ва Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам касалланган эканлар. Эпилептик ҳуруж олдидан беморларда аура бўлади. Аура бу ҳуруж бўлишининг олдиндан белгисидир. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламда ҳам аура бўлган дейишди. Мен ваҳий келаётгандаги ҳолатни шунақа талқин қилишаяптими деб ўйладим. Бу ҳақида ҳадисларда келтирилганми? Жавобингиз учун олдиндан раҳмат
«Билимсизликнинг шифоси» ҳайъати:
Ва алайкум ассалом! Аллоҳ таоло пайғамбар ва расулларини хилқат ва хулқ жиҳатидан мукаммал қилиб яратган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бу борада энг мукаммали бўлганлар. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам хулқда тенги йўқ бўлганлари каби, гўзалликда ҳам, соғломликда ҳам тенгсиз бўлганлар. Пайғамбарларда ҳам бошқа одамлардаги каби оч қолиш, чанқаш, бемор бўлиш каби инсонларга хос ҳолатлар бўлган. Лекин инсониятда нуқсон ҳисобланадиган сиз айтган каби касаллик умуман бўлган эмас. Юқоридаги ўқитувчининг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳақларида айтган гапи ҳам ҳеч қандай ҳужжати йўқ, тўқима ва туҳмат гапдир. Ваҳий келган пайтдаги ҳолатларининг ўзгаришига келсак, бу ҳақда Шайх ҳазратларининг қаламларига мансуб «Қуръон илмлари» китобида батафсил маълумот берилган. Валлоҳу аълам