Ассалому алайкум! Ёшим 21 да. 6 ой аввал ота-онам совчиларнинг дунё-дунё ваъдалари билан мени йўқ дейишимга қарамасдан унаштиришди. Унаштирувдан сўнг ҳамма ваъдалари сароб эканлигини, ўртага анча ёлғон аралаштирилганлигини билиб унаштирувни 1 ҳафтада бекор қилдик. Ҳозир ота-онам яна шошилиб унаштиришиб қўйишган. У билан умуман гаплашмайман. Синфдошим, қўшним бўлганлиги учун характерининг кўп жиҳатлари ёқмайди. У билан менинг фикрлашимиз умуман бошқача, қандай яшаб кетарканман, билмайман. Кўп ухлайдиган, йиғлоқи, одамови бўлиб, оила аъзоларимни ёмон кўриб қолганман. Ҳеч кимга ишонмайман. Бундай ҳолатда нима қилай? Совчиларнинг ёлғон ваъдалари қанчалик тўғри? Ота-она турмушга берадиган қизларини мажбурлашлари, бошқа шартлар қўйишлари, қизнинг йўқ дейишига қарамасдан унаштиришлари тўғрими?
– Ва алайкум ассалом! Шариатда қиз болани ота-она мажбурлаб турмушга бериши ножоиз ҳисобланади. Қиз бола турмушга чиқаётганида бўлажак куёвнинг мўмин-мусулмонлигини, илм ва эътиқодига қараб танлаши, қизнинг ота-онаси ҳам куёвни айнан шу тарафларига қараб баҳолаши керак. Келган совчиларни яхшилаб суриштириш керак. Албатта келин-куёв бир-бирига муносиб бўлиши керак. Энг биринчи ўринда умматга уммат қўшилишини, келин-куёв фарзандларини исломга муносиб тарбиялашини кўзлаш керак. Шунинг учун сиз ўзингизга муносиб инсонга турмушга чиқишингизга ҳаққингиз борлигини билишингиз керак. Валлоҳу аълам!