Етимлар

02:14 / 02.09.2020 | Nasiba Aisha | 759
Ассалому алайкум! Биз оилада 3 та қизмиз. Катта опам турмуш қурган оилали. Дадам онам билан ажрашиб кетганларида мен 14 ёшда эдим. Онам бир ярим йилдан сўнг вафот этдилар. Мендан дадам хабар олмаган. На моддий, на маънавий ёрдам бермаган. Мен ва кенжа опам катта опам ва поччамларникида яшаб, уларникидан узатилганмиз. Онам вафотидан 5 йилдан сўнг дадам онамдан қолган уйни тортиб олди. Ҳозирда у уйда яшаяпти. “Мени қарғишимда қолманглар” деб кўп такрорлайди. “Сиз мени етим ташлаб кетгансиз” десам “бу мени вазифам эмас” дедилар. Шариатимизда дадамга ҳукм борми? Оталар вояга етмаган фарзандларидан хабар олмаса, ёрдам бермаса гуноҳ, жазо борми?
«Билимсизликнинг шифоси» ҳайъати:

– Ва алайкум ассалом!

Ота‑онанинг фарзанд олдидаги бурчлари

Исломда фарзандларнинг ҳуқуқлари қатъий риоя қилинган бўлиб, булар уларнинг ота‑оналари ёки яқин қариндошлари, яшаётган жамиятларига вазифа қилиб юклатилгандир. Бу ҳақларни адо этиш вожиб бўлиб, унга амал қилиш мажбурийдир.

Ота‑онанинг фарзандлар олдидаги бурчлари улар пайдо бўлмасдан олдинги, ҳомила ҳолларидаги ва туғилганларидан кейинги қисмларга тақсимланади:

Ота‑онанинг фарзанд пайдо бўлмасдан олдинги мажбуриятлари:

1. Фарзандга муносиб ота ва она танлаш мажбурияти.

Шариат таълимотлари бўйича, ота‑онанинг фарзанд олдидаги бурчлари оила қуришдан аввал – умр йўлдошини танлаш пайтида бошланади. Ҳар бир шахс ўзининг бўлажак фарзанди учун муносиб ота ва она танлаш мажбуриятидадир.

عَنْعَائِشَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهَا قَالَتْقَالَ رَسُولُاللهِ rتَخَيَّرُوالِنُطَفِكُمْ، وَانْكِحُوا الْأَكْفَاءَ وَأَنْكِحُوا إِلَيْهِمْرَوَاهُ ابْنُمَاجَهْ.

 

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар:

«Уруғларингизга ихтиёрни яхши қилинг. Тенгни никоҳингизга олинг ва ўшаларга никоҳланг».

Ибн Можа ривоят қилган.

Ушбу ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бўлажак ота ва оналарга мурожаат қилиб, ўзларининг бўлажак фарзандларига муносиб ота ва муносиб она танлашга амр қилмоқдалар. Бундан, мусулмон инсон оила қураётганда фақат ўзининг фойдасини ўйламасдан, бўлажак фарзандини ҳам ўйлаб, унга муносиб ота ёки она танлаши кераклиги келиб чиқади. Ҳар бир инсон оила қуриш чоғида ўзидан ва жуфти ҳалолидан пайдо бўладиган фарзанднинг ғамини емоғи лозим бўлади. Чунки ота ва онанинг сифатлари ва хусусиятлари болага ирсият йўли билан ўтиши бор. Шунинг учун болага ҳам маънавий, ҳам жисмоний тарафдан етук ота ва она танлаш керак бўлади. Токи фарзанд эсини таниганда отаси ва онаси билан, уларнинг ҳар тарафлама етук сифатлари билан фахрланиб юрадиган бўлсин.

2. Аллоҳ таолодан солиҳ фарзанд тилаб, дуода бўлиш.

Бу ишни Аллоҳ таолонинг набийлари қилгандир.

Аллоҳ таоло «Оли Имрон» сурасида шундай деб марҳамат қилади:

   ﭔﭕ        ﭝﭞ    

 

«Шу чоғда Закариё Роббига дуо қилиб: «Роббим, менга Ўз ҳузурингдан покиза зурриёт бергин. Албатта, Сен дуони эшитувчисан», – деди» (38‑оят).

Шунинг учун келин-куёвлар доимо Аллоҳ таолодан солиҳ фарзанд сўраб, давомли равишда дуо қилиб туришлари керак. Бу жуда муҳимдир.

Фарзанднинг ҳомила ҳолидаги ҳақлари.

3. Аллоҳ таолодан солиҳ фарзанд тилаб, дуода бўлишни давом эттириш.

Аллоҳ таоло лутфи карам кўрсатиб, бола ҳомила шаклида пайдо бўлгандан кейин ҳам ота‑онаси унинг солиҳ фарзанд бўлиши ҳақидаги дуоларини давом эттиришлари зарур. Зотан, бу иш Одам ота ва момо Ҳавводан мерос бўлиб қолгандир.

Аллоҳ таоло «Аъроф» сурасида бундай деб марҳамат қилади:

          ﭻﭼ   ﭿ    ﮃﮄ            

 

«У сизларни бир жондан яратган ва сокинлик топсин учун ундан жуфтини яратган Зотдир. Вақтики у (жуфтини) ўраганида енгил ҳомиладор бўлди. Бас, у билан юрди. У оғирлашганда эса, икковлон Роббилари Аллоҳга: «Агар бизга солиҳ (фарзанд) берсанг, албатта, шукр келтирувчилардан бўлажакмиз», – деб дуо қилдилар» (189‑оят).

Вақт ўтган сари ҳомила катталашиб бориб, она оғирлашади, туғиш вақти яқинлашади. Ана шу пайтда отада ҳам, онада ҳам фитрий-табиий ҳис-туйғулар ошади, уларда орзу-умид пайдо бўлиб, фарзандларининг соғ-саломат, тўла-тўкис ва аҳли солиҳлардан бўлишини орзу қиладилар. Шунингдек, уларда онанинг эсон-омон қутулиб олиши ҳақида ҳадиклари ҳам бор. Ҳар қандай орзу-умид паллаларида инсон Аллоҳга илтижо қилади. Ота‑онада эса ҳам орзу-умид, ҳам ҳадик бор. Улар шунинг учун ҳам: «Агар бизга солиҳ фарзанд берсанг, албатта, шукр келтирувчилардан бўламиз», деб дуо қилишлари матлубдир.

Ҳомила муддати ва ундан аввалги даврдаги ота‑онанинг Аллоҳ таолога қиладиган бундай илтижолари ва дуоларининг фойдаси ниҳоятда кўп ва зарур эканини замонавий илм ҳам тасдиқлади.

Ирсиятни ўрганувчи олимлар, нима учун одамлар борган сари беоқибат, бераҳм бўлиб кетаётгани, оила аъзолари орасида ўзаро ҳурмат ва эъзоз йўқолиб бораётганинг сабабини топганларини эълон қилишди. Уларнинг айтишларича, мазкур нохушликларнинг асосий сабаби ота‑оналари томонидан исталмаган равишда туғилган фарзандлар экан.

Бу дегани, асосан, зинодан ва фарзанд кўришни истамаган ҳолда фарзанд кўришнинг натижасида беоқибат инсонлар дунёга келади, деганидир. Ота‑онанинг фарзанд кўришни истамай тургандаги руҳий ҳолати улардан пайдо бўлган ҳомилага ўтиши турган гап. Ота‑онаси истамаган фарзанд онасининг қорнида туриб, уларнинг салбий руҳиятидан салбий таъсир олиши ҳам муқаррар.

Шунинг учун ҳам динимиз таълимотларида келин-куёвлар доимо Аллоҳ таолодан солиҳ фарзанд сўраб, давомли равишда дуо қилиб туришлари таъкидланади.

4. Ҳомиланинг жисмоний ва руҳий толиқишларсиз, яхши ривожланиб боришини таъминлаш.

Ҳомила ҳар тарафлама яхши ўсиб бориши учун унинг онасини жисмоний ва руҳий жиҳатдан толиқтириб қўймасликка шариатда катта эътибор берилган. Бу эътибор шу даражага етганки, ҳатто Аллоҳ фарз қилган ва Исломнинг рукнларидан бири бўлган рўзани ҳомиладор аёллар тутмасдан, кейин қазосини тутиб бериши жоизлиги шариатга киритилган. Чунки ҳомиладор аёл рўза тутса, унинг толиқиши орқали ҳомиласининг ҳам толиқиши бор. Шунинг учун ҳомилани толиқтирмаслик мақсадида унинг онасига рўза тутмасликка рухсат берилган.

عَنْأَنَسِ بْنِ مَالِكٍ الْكَعْبِيِّ أَنَّ رَسُولَ اللهِ r قَالَإنَّ اللهَ وَضَعَ عَنِ الْمُسَافِرِ الصَّوْمَ وَشَطْرَ الصَّلَاةِ، وَعَنِ الْحُبْلَى وَالْمُرْضِعِ الصَّوْمَرَوَاهُ الْخَمْسَةُ.

 

Анас ибн Молик Каъбийдан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар:

«Албатта, Аллоҳ мусофирдан рўзани ва намознинг ярмини кечди. Ҳомиладор ва эмизиклидан рўзани».

Бешовлари ривоят қилганлар.

Маълумки, Исломда инсонни тоқатидан ташқари ишга таклиф қилиш йўқ. Жумладан, рўза масаласида ҳам. Шу маънода, Аллоҳ таоло ўта қариб қолганлари туфайли рўза тутса, қийналиб қоладиган чол ва кампирларга рўза тутмасликка рухсат берган.

Бу ҳадисда мусофирга ва ҳомиладор аёлларга, агар улар ҳомилалари соғлиғига зарар етишидан қўрқсалар, рўза тутмасдан, оғизларини очиб юришлари мумкинлиги ҳақида сўз кетмоқда.

Ҳанафий мазҳаби бўйича, мазкур тоифадаги аёллар рўзанинг қазосини тутадилар. Ҳомиладор аёллар вақтинчалик беморга ўхшайдилар. Ҳомилани туғиб, болани кўкракдан ажратгандан сўнг яна рўзани тутиш имконига эга бўладилар.

Ислом шариатида ҳомилага қарши қилинган жиноят тўла-тўкис инсонга қарши қилинган жиноят каби эътибор қилинган.

عَنْأَبِي هُرَيْرَةَ t قَالَقَضَى رَسُولُ اللهِ r فِي جَنِينِ امْرَأَةٍ مِنْ بَنِي لَحْيَانَ سَقَطَ مَيِّتًا بِغُرَّةٍ عَبْدٍ أَوْ أَمَةٍ، ثُمَّ إِنَّ الْمَرْأَةَ الَّتِي قَضَى عَليْهَا بِالْغُرَّةِ تُوُفِّيَتْ، فَقَضَى رَسُولُ اللهِ r بِأَنَّمِيرَاثَهَا لِبَنِيهَا وَزَوْجِهَا، وَإِنَّ الْعَقْلَ عَلَى عَصَبَتِهَارَوَاهُ الشًَيْخَانِوَالتِّرْمِذِيُّ.

 

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Бану Лаҳёнлик бир аёлнинг тушиб қолган ҳомиласи учун бир қул ёки чўрининг баҳоси берилишига ҳукм қилдилар. Сўнгра ўша (қул ёки чўри)нинг баҳоси берилишига ҳукм қилинган аёл вафот этди. Бас, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унинг мероси болаларига ва эрига бўлиши, дия эса унинг асабаси (эркак қариндошлари) зиммасига бўлиши ҳақида ҳукм чиқардилар».

Икки Шайх ва Термизий ривоят қилганлар.

وَعَنْهُقَالَاقْتَتَلَتِ امْرَأَتَانِمِنْ هُذَيْلٍ، فَرَمَتْ إِحْدَاهُمَا الْأُخْرَى بِحَجَرٍ فَقَتَلَتْهَا وَمَا فِي بَطْنِهَا، فَاخْتَصَمُوا إِلَى رَسُولِ اللهِ r فَقَضَىأَنَّ دِيَةَ جَنِينِهَا غُرَّةٌ عَبْدٌ أَوْ وَلِيدَةٌ، وَقَضَى بِدِيَةِ الْمَرْأَةِ عَلَى عَاقِلَتِهَا، وَوَرَّثَهَا وَلَدَهَا وَمَنْ مَعَهُمْ، فَقَالَ حَمَلُ بْنُ النَّابِغَةِ الْهُذَلِيُّيَا رَسُولَاللهِ، كَيْفَ أَغْرَمُ مَنْ لَا شَرِبَ وَلَا أَكَلَ وَلَا نَطَقَ وَلَا اسْتَهَلَّ فَمِثْلُ ذَلِكَ يُطَلُّفَقَالَ رَسُولُاللهِ rإِنَّمَاهَذَا مِنْ إِخْوَانِ الْكُهَّانِ مِنْ أَجْلِ سَجْعِهِ الَّذِي سَجَعَرَوَاهُمَا الْخَمْسَةُ.

 

Яна ўша кишидан ривоят қилинади:

«Ҳузайллик икки аёл уришдилар. Улардан бири иккинчисини тош билан уриб, ўзини ҳам, қорнидаги боласини ҳам ўлдириб қўйди. Сўнг Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига хусуматлашиб келишди. Шунда у зот ҳомиланинг хуни бир эркак ёки аёл қул экани ва аёлнинг ўзининг хуни жиноятчи аёлнинг ота томонидаги эркак қариндошларига бўлиши ҳақида ҳукм қилдилар. Ўлган аёлнинг мероси боласига ва бошқа меросхўрларига бўлишини айтдилар.

Ҳамал ибн Нобиға ал-Ҳузалий:

«Ё Расулаллоҳ, қандай қилиб ичмаган-емаган, нутқ қилмаган ва овоз чиқармаган жонзотнинг хунини тўлайман? Бунга ўхшашларнинг қони тўкилаверади», – деди.

Шунда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Албатта, манави коҳинларнинг биродарларидандир», – дедилар. Қофияли гапиргани учун».

Иккисини бешовлари ривоят қилганлар.

Шариатимизда ҳомилани олдириб ташлаш мутлақо мумкин эмаслиги ҳаммага маълум. Чунки ҳомилага тўла‑тўкис инсондек қаралади. Бу иш, яъни ҳомилани олдириш жоҳилият давридаги қизларни тириклай кўмишга тенглаштирилади. Фақат истисно қилинган ҳолатлардагина ҳомилани олдиришга рухсат берилган. ("Бахтиёр оила" китобидан.)

  Валлоҳу аълам!