Ассалому алайкум! Aссалому алайкум, Одина опа. Абдуллоҳ ибн Муборак шундай деган: «Бандага беш нафар фаришта вакил қилинган. Тунда икки фаришта, кундузи икки фаришта келиб-кетади. Бешинчи фаришта бандани туну кун тарк этмайди» (Жалолиддин Суютий). Ғайримусулмон одамлар билан бирга фаришталар юрадими ёки шайтонми? Олдиндан раҳмат. Ҳаққимизга дуо қилишингизни сўраб қоламиз
«Билимсизликнинг шифоси» ҳайъати:
Ва алайкум ассалом! Ҳар бир инсонга, у мусулмон ёки ғайримусулмон бўлишидан қатъи назар, унинг амалларини битиб туриш учун фаришталар муваккал қилинган.
Тўлиқроқ маълумот бериш учун Шайх ҳазратларининг «Тафсири Ҳилол» китобларидан иқтибос келтиришга ижозат бергайсиз.
Аллоҳ таоло Раъд сурасининг 11-оятида шундай марҳамат қилади:
لَهُ مُعَقِّبَاتٌ مِّن بَيْنِ يَدَيْهِ وَمِنْ خَلْفِهِ يَحْفَظُونَهُ مِنْ أَمْرِ اللّه
«Унинг олдида ҳам, ортида ҳам таъқиб қилувчилар бор. Улар уни Аллоҳнинг амри ила муҳофаза қилиб турурлар.
Ҳар бир одам боласининг «олдида ҳам, ортида ҳам таъқиб қилувчилар бор».
Яъни унинг ҳар тарафида кузатиб юрувчи фаришталар мавжуд. Ушбу фаришталар ҳақида имом Бухорий раҳматуллоҳи алайҳ ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар:
«Улар сизлар учун алмашиб, кетма-кет келиб турадилар. Кечаси бир хил фаришталар, кундузи бир хил фаришталар келади. Улар бомдод ва аср намозида жам бўладилар. Аллоҳнинг ҳузурига сиз билан тунни ўтказувчилар кўтарилганларида, улардан, Ўзи сизларнинг ҳолингизни жуда яхши билса ҳам:
– Бандаларимни қайси ҳолда тарк қилдингиз? – деб сўрайди. Фаришталар:
– Уларнинг ҳузурига борганимизда, намоз ўқишаётган экан, уларни тарк қилганимизда ҳам намоз ўқишаётган эди, – дейишади».
Бошқа бир ҳадисда эса:
«Албатта, сиз билан бирга, сизни хало ва жимоъ пайтидан бошқа вақтда тарк этмайдиган зотлар бор. Бас, улардан ҳаё қилинглар ва уларни ҳурмат этинглар», дейилган.
Мазкур фаришталарнинг вазифаларини ояти кариманинг кейинги жумласи баён қилади:
«Уни Аллоҳнинг амри ила муҳофаза қилиб турурлар».
Яъни ўша фаришталар у бандани Аллоҳнинг амри ила муҳофаза қилиб турурлар. Ушбу оятдаги «муҳофаза» сўзи «сақлаш» ва «ёдлаб – эслаб қолиш» деган маъноларни билдиради. Бандага бириктирилган фаришталар ушбу икки ишни бажарадилар. Яъни бандани турли ёмонликлардан сақлаб турадилар ҳамда қилаётган амалларини ёзиб, ёдда сақлаб борадилар.
Ушбу оят ва ҳадисларга ҳамда шу маънодаги яна бошқа ҳужжатларга суянган ҳолда, уламоларимиз қуйидагиларни таъкидлайдилар:
Бандани турли ҳодиса ва ёмонликлардан ҳимоя этиш учун фаришталар навбат билан қўриқчилик қиладилар. Шунингдек, унинг амалларини ёзиб бориш учун ҳам кечаю кундуз маълум фаришталар алмашиб турадилар. Иккитаси ўнг ва чап тарафда туради: ўнг тарафда турган фаришта яхши амалларни, чап тарафда тургани гуноҳ амалларини ёзиб боради. Яна икки фаришта олд ва орқа тарафдан уни қўриб турадилар. Демак, банда доимо тўрт фариштанинг ўртасида юради. Улар кундузи ва кечаси алмашиб туришади.
Аллоҳ, Ўзи юқорида зикр қилганидек, ҳамма нарсаларни, ҳатто бандалар учун ўта махфий бўлган ҳолатларни ҳам жуда аниқлик ила билиб туришига қарамай, ҳар бир бандага тўрттадан фариштани бириктириб қўйгандир. Улардан иккитаси банданинг ҳар бир қилган амалини ўша вақтнинг ўзидаёқ ёзиб қўяди. Бу ҳар бир бандага катта масъулият юклайди. Фаришталардан иккитасининг бандани қўриқлаб туриши эса Аллоҳ уни мукаррам қилганини кўрсатади. Демак, ҳар бир инсон ўша икромга лойиқ бўлиб, ўша масъулиятни ҳис этмоғи керак. Ўзини ўнглашга, тузатишга, Аллоҳнинг розилигини қозонтирадиган амалларни бажаришга уриниши лозим. Валлоҳу аълам