Юрак касаллигининг дориси

07:23 / 27.08.2020 | А А | 491

Ассалом алайкум! Пайғамбаримиз( с.а.в ) қайсидир саҳобага (р.а. ) юрак касаллигидан хурмо ва унинг данагини туйиш орқали давоси тўғрисида ҳадис қулоғимга чалинди. Агар рост бўлса илтимос шу ҳадисни шарҳлаб берсангиз.

«Билимсизликнинг шифоси» ҳайъати:

– Ва алайкум ассалом!

وَقَالَ سَعْدُ بْنُ أَبِي وَقَّاصٍ رَضِي اللهُ عَنْهُ: مَرِضْتُ فَعَادَنِي النَّبِيُّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ، فَوَضَعَ يَدَهُ بَيْنَ ثَدْيَيَّ حَتَّى وَجَدْتُ بَرْدَهَا فِي فُؤَادِي، فَقَالَ: إِنَّكَ رَجُلٌ مَفْئُودٌ، ائْتِ الْحَارِثَ بْنَ كَلَدَةَ أَخَا ثَقِيفٍ، فَإِنَّهُ رَجُلٌ يَتَطَبَّبُ، فَلْيَأْخُذْ سَبْعَ تَمَرَاتٍ مِنْ عَجْوَةِ الْمَدِينَةِ فَلْيَجَأْهُنَّ بِنَوَاهُنَّ ثُمَّ لِيَلُدَّكَ بِهِنَّ. رَوَاهُ أَبُو دَاوُدَ.

Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳу айтадилар:

«Бемор бўлдим. Бас, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам мени кўргани келиб, қўлларини икки кўкрагим орасига қўйдилар. Унинг совуғини қалбимда ҳис этдим. Сўнгра у зот:

«Сен юраги хаста одам экансан. Сақифлик Ҳорис ибн Калданинг олдига бор. У табиблик қиладиган одам. Бас, у Мадинанинг ажвасидан етти дона хурмо олиб, данаги билан туйсин. Сўнгра сенга ичирсин», дедилар».

Абу Довуд ривоят қилган.

Шарҳ: «Ажва» – Мадинаи Мунавваранинг олий навли машҳур хурмоси.

Ушбу ҳадиси шарифдан бир неча муҳим хулосалар келиб чиқади:

1. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг биродарларига меҳрибон эканликлари.

У зотнинг Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳунинг беморликларини кўргани келганлари, қўлларини меҳр билан у кишининг сийналарига қўйганлари шуни кўрсатади.

2. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг дардни билишлари.

У зотнинг Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳуга «Сен юраги хаста одам экансан», деганлари бунга далилдир.

3. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг даволаш йўлини ҳам билишлари.

У зотнинг:

«Сақифлик Ҳорис ибн Калданинг олдига бор. У табиблик қиладиган одам. Бас, у Мадинанинг ажвасидан етти дона хурмо олиб, данаги билан туйсин. Сўнгра сенга ичирсин», деганлари шуни кўрсатади.

4. Беморни даволашни мутахассис табиб олиб бориши кераклиги.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзлари дорини васф қилиб берсалар ҳам, Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳуни табибнинг олдига боришга амр этганларидан шу ҳукм келиб чиқади.

5. Уламоларимиз ушбу ривоятда номи зикр қилинган табиб сақифлик Ҳорис ибн Калда ўша пайтда мушрик бўлганини ва кейин ҳам Исломга келмай, ўлиб кетганини эътиборга олиб, «Мусулмон одам ўзини ғайридин табибга қаратса ҳам бўлар экан», деган хулосага келганлар.

Фақат шариат ҳукмига боғлиқ ишларда у табибнинг гапи қабул бўлмайди. Мисол учун, беморлик рўзани очишга рухсат берадиган даражадами ёки йўқми, буни ишончли мусулмон табиб аниқлайди. (“Ҳадис ва Ҳаёт” китобидан).

 Валлоҳу аълам!