Ассалому алайкум! Ассалому алайкум Одина опа! Мен Шайх Ҳазратларини болалигимдан бери танийман. Яқинда ташвишларимни унутаман деб, интернетни титкилаб ўтириб, бирдан «Омина» журналини топиб олдим. Мен 5 йилдан буён Россияда оилам билан яшайман. Бу ерда исломий китобларни топиш жуда қийин. Исломий электрон китоблар бормикан деб излаб Шайх Ҳазратларининг муаллифлик бўлимини топдим ва унга аъзо бўлдим ва «Руҳий тарбия» китобини олишга қарор қилдим, чунки унинг биринчи жузи “Покланиш” деб аталган эди. Аллоҳга беадад шукур инсон намозда ўзини қандай тутиши керак, бу дунё нарсаларига қандай муносабатда бўлиши керак ва хоказоларни ўрганиб олдим. Ҳозирда 1-жузини тугатиб, 2-жузини ўқияпман. Эримга ҳам охиратга ҳеч нима қилмаётганимизни, у дунёга фақатгина ибодатларимиз билан боришимизни айтгандим 5 вақт намозни ўқий бошладилар. Аллоҳ ўз даргоҳида қабул қилсин. Бу дунёнинг бойликларига қизиқмай қолдим ва бирор нарсани йўқотсам ачинмайдиган бўлдим. Яқинда Шайх Ҳазратлари оппоқ кийимда тушимга кирибдилар. Салом берсам кулиб алик олдилар ва у кишига қараб “менинг ўғлимнинг исми Юсуф” десам, “ўғлингизни Муҳаммад Юсуф деб чақиринглар” дедилар. Шундан сўнг уйғониб кетдим, чунки ўғлимнинг исми Саид Муҳаммад Юсуф. Биз эса қисқа қилиб Юсуф деймиз. Илоҳим жойлари жаннатдан бўлсин. У кишини йўлларини менинг фарзандларимга ҳам берсин. Опа мен фарзандларимни ҳам дунёвий, ҳам диний илмларни эгаллашларини хоҳлайман. Бунинг учун мен қандай йўл тутишим керак? Жавобингиз ва маслаҳатларингиз учун катта раҳмат
«Билимсизликнинг шифоси» ҳайъати:
Ва алайкум ассалом! Ҳаётингиздаги ижобий ўзгаришлардан жуда мамнунман, Аллоҳ зиёда айласин, бардавом қилсин. Фарзанд тарбияси ҳақидаги мавзу жуда катта ва кенг мавзудир. Уларнинг билимли бўлишига эътибор қаратинг ва бунга шароит яратиб беришга ҳаракат қилинг. Бизнинг муслимаат.уз сайтимизда фарзандлар учун алоҳида бўлим очишган. Шуни кузатиб боришингизни маслаҳат бераман. Аввало, Аллоҳдан дуо қилиб сўрашни унутманг. Фарзандларингиз ҳаққига доимо дуода бўлинг, Ўзидан ёрдам сўранг. Айнан бирор масалада саволларингиз бўлса, марҳамат, Аллоҳнинг изни ила маслаҳат берамиз. Валлоҳу аълам