Ассалому алайкум! Турмуш қурганимизга 2 йил бўлди. Ёлғиз келинман, турмушга чиққан қайни опам ва қайни синглим бор. Қайнонам эрим ва мени ажратиб фақат танбеҳ берадилар. Қайнонамни оналари ҳадеб рўзғоримизга қўшилиб "келинингни бўш қўйма, ўғлингни бериб қўйма", деганларини эшитганман. Ишларимдан, боламни тарбиясидан айб тополмайдилар. Эримни камситадилар, опа-сингиллари гап қайтариб айтганларини қилмасалар гапиришга умуман рухсат бермай, "ҳар куни шуларни сиғдирмайсизлар", деб дод-вой қилиб урушадилар. Мен ўртада қолиб кетганман, эримга раҳмим келади. Нима маслаҳат берасиз? Мен қайнонам билан умуман урушмаганман. Кўнгилларига қандай қилиб йўл топай?
– Ва алайкум ассалом! Миллий урф одатларимиз қон-қонига сингиб кетган, бунинг оқибатини ўйлаб ўтирмайдиган оилалар юртимизда афсуски жуда кўплигидан сон-саноғига етиб бўлмайди. Тўғри бизнинг ўзбекчиликда қайноналар “ўғлимни пул топадиган, забардаст қилиб катта қилиб энди келинимга шундай бериб қўяманми?” деб ҳархаша қиладиганлар ҳам талайгина. Аслида бу гапнинг негизига қарайдиган бўлсак қайнона гўёки она эмас кундошдек. Қайнона ва келинни умуман солиштириб бўлмайдиган бошқа бошқа олам инсонларидир. Агар қайнона шундай фикрда экан, ўғлини келинидан қизғонар экан демак унинг психикасида ўзгаришлари бор бўлиб, бу унинг психикасидаги носоғломлик аломатларидир. Шунинг учун ўзингизни қўлга олинг, бўш қўйинг ва бир “касал одамда” деган қараш билан яшайверинг. Бундай одамларга тенг келиб бўлмайди. Негаки уларнинг бу дунёқарашларини сиз ўзгартира олмайсиз. Бу каби иллатлар қон-қонига сингиб кетган. Инсоф сўраб улар ҳақида дуода бўлиб туринг. Эр-хотин иковингизнинг ўзаро хотиржамлигингизни таъминлашга, қадрлашга ҳаракат қилиб яшайверинг. Қийин бўлсада оилангиздаги бундай омилик сарқитлари бўлмиш дунёқарашларига эътибор қилмасликка ҳаракат қилинг. Ўзингизнинг эътиборингизни мумкин қадар ибодатларингизга, бошқа ишларингизга, бурч ва вазифаларингизга қаратаверинг. Валлоҳу аълам!