Таҳорат

14:07 / 14.04.2017 | Савол | 1222
Ассалому алайкум! Одинахон опа, “таҳорат қилаётганда оёғида маҳси бўлса унинг устидан масҳ тортилади тагидан эмас”, дeб эшитдим. Юрганда нимадир тeгиб кeтган бўлиши мумкин дeб мeн усти билан бирга маҳси тагини ҳам қилардим. Шу дурустми?
«Билимсизликнинг шифоси» ҳайъати:
Ва алайкум ассалом! Маҳсига масҳ тортишнинг шартлари:
1. Пойабзал тўпиқларни беркитган бўлиши шарт;
2. Оёқнинг кичик бармоқларидан учтаси кўринадиган миқдорда йиртиқ бўлмаслиги шарт;
3. Сув ўтмайдиган бўлиши шарт. Бугунги кундаги урф бўлган юпқа пайпоқларга масҳ тортиш жоиз эмас;
4. Камида бир фарсах, яъни 5544 метр масофа йўл юрганда ҳам йиртилиб кетмаслиги шарт («Муъжамул луғатул фуқаҳо»).
5. Маҳсини мукаммал таҳоратли ҳолда кийган бўлиш шарт.
Покланишда маҳси, чориқ, этик каби оёқни тўпиқлари билан ёпувчи пойабзаллар устига масҳ тортиш жоиздир. Ғусл вожиб бўлган киши оёқ кийимини ечиб ювади. Чунки ғусл қилиши лозим бўлган кишининг оёқ кийимларига масҳ тортиши жоиз эмас. Шунингдек, жабира (жароҳат, яра устидан ёпилган қоғоз, латта, дока) устидан ҳам у тузалгунга қадар масҳ тортилади.
Қўлнинг кичик бармоқларидан учтаси миқдорича икки қадамнинг устига нам қўл билан силаш масҳнинг фарзидир. Оёқнинг остига ёки ёнларига масҳ тортиш дуруст эмас.
Масҳ тортиш учун қўлларни ҳўллаб, ўнг қўлнинг бармоқларини ўнг қадамнинг (оёқнинг тўпиқдан пастки қисми) устига, чап қўлнинг бармоқларини чап қадамнинг устига қўяди ва икки қўлини ҳам тўпиғигача тортади. Бармоқлар ораси бир оз очиқ бўладики, ҳатто қадамларда масҳдан сўнг чизиқлар ҳосил бўлсин. («Мўъминнинг меърожи» китобидан).