Ланат ҳукми

22:06 / 21.09.2020 | Dilbar | 1866
Ассалому алайкум! Кўп инсонлар бир-бирини лаънатлаганини эшитамиз, лекин бу яхши иш эмас. Бир инсондан Расулуллоҳ (с а в) ни бир туяни минганлари ва у туя бўйсунмай юриб кетканда у туяни лаънатлаб юборганлари ва у туяни лаънатлангани учун минишликдан ёки сўйиб ейишликдан қайтарганларини гапирган эди. Бирор киши кимнидир ёки ниманидир лаънатласа уни ҳукми нима? Лаънат эшитган инсонни ҳукми қандай бўлади? Шариатимизда лаънатлашга қандай қарайди?
«Билимсизликнинг шифоси» ҳайъати:

– Ва алайкум ассалом!

 

عَنْ ثَابِتِ بْنِ الضَّحَّاكِ t، عَنِ النَّبِيِّ r قَالَ: مَنْ حَلَفَ بِغَيْرِ مِلَّةِ الْإِسْلَامِ فَهُوَ كَمَا قَالَ، وَمَنْ قَتَلَ نَفْسَهُ بِشَيْءٍ عُذِّبَ بِهِ فِي نَارِ جَهَنَّمَ، وَلَعْنُ الْمُؤْمِنِ كَقَتْلِهِ، وَمَنْ رَمَى مُؤْمِنًا بِكُفْرٍ فَهُوَ كَقَتْلِهِ. رَوَى هَذِهِ الثَّلَاثَةَ الْأُصُولُ الْخَمْسَةُ.

2118. Собит ибн Заҳҳок розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Ким Ислом миллатидан бошқа нарса билан қасам ичса, у ўзи айтганидекдир. Ким бир нарса билан ўзини ўзи ўлдирса, ўша нарса билан жаҳаннам оловида азобланади. Мўминни лаънатлаш уни қатл этиш кабидир. Ким мўминни кофирга чиқарса, бу уни қатл этиш кабидир», дедилар».

Ушбу уч ҳадисни бешовлари ривоят қилганлар.

Шарҳ: Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзларининг ушбу ҳадиси шарифларида тўртта муҳим ва ҳар бир мўмин-мусулмон жуда эҳтиёт бўлиши лозим бўлган масалани зикр қилмоқдалар:

1. «Ким Ислом миллатидан бошқа нарса билан қасам ичса, у ўзи айтганидекдир».

Бошқа ривоятларда баён қилинишича, ким «Агар фалон ишни қилсам, яҳудий бўлай», деса, яҳудий бўлади. Ёки «Агар фалон ишни қилмасам, насроний бўлай», деса, насроний бўлади. Мазкур мункар ишни қилган одамнинг бу тасарруфи куфрдан иборатдир. Шунинг учун ҳам ҳеч бир мусулмон банда юқоридагига ўхшаш гапларни зинҳор ва зинҳор тилга олмаслиги керак.

2. «Ким бир нарса билан ўзини ўзи ўлдирса, ўша нарса билан жаҳаннам оловида азобланади».

Бу масалага тегишли ҳукмларни «Ҳаддлар китоби»да муфассал ўрганиб чиқамиз. Ким ўз жонига қасд қилса, худди ўзганинг жонига қасд қилгандек, гуноҳкор бўлади. Чунки унга жонни Аллоҳ таоло берган, шунинг учун ҳам жон банданинг эмас, Аллоҳ таолонинг мулки ҳисобланади. Ўзини ўзи ўлдирган одам Аллоҳ таолонинг иродасига қарши чиққан нобакор сифатида охиратда қаттиқ азобларга гирифтор бўлади. Жумладан, у ўзини бу дунёда нима билан, қандай қилиб ўлдирган бўлса, жаҳаннамда ҳам ўзини худди ўша нарса билан, худди ўшандоқ қилиб, қайта-қайта ўлдириб туради.

3. «Мўминни лаънатлаш уни қатл этиш кабидир».

Зотан, «лаънат» сўзининг луғавий маъноси «Аллоҳнинг раҳматидан узоқ бўлиш»дир. Демак, ким бировга лаънат айтса, унинг Аллоҳ таолонинг раҳматидан узоқ бўлишини тилаган бўлади. Мўминлик эса Аллоҳ таолодан бандага берилган энг улуғ неъмат ва раҳматдир. Шунга биноан, ким мўмин инсонни лаънатлаган бўлса, унинг Аллоҳ таолонинг раҳматидан узоқ бўлишини, иймонидан ажрашини тилаган бўлади. Бу эса мўминни қатл этгандан баттардир.(“Ҳадис ва Ҳаёт” китобидан )

 Валлоҳу аълам!