Қиз боладаги ўзгаришлар

09:44 / 21.09.2020 | Fayoza | 819

Ассалому алайкум! Қизим 5 ёшдан ошган. Унда бир одат пайдо бўлган. Телевизор кўрганида ёки 3-4 та одам йиғилиб турганда уларнинг ичидан "буниси чиройли экан, менга буниси ёқди", деб айтади (у алоҳида ажратиб кўрсатгани жамоат ичида кўркамроқ бўлади). Илгари фақат мультфильм қаҳрамонларини шундай танларди. Ҳозир ўғил бола, эркакларга эътибор бераяпти. "Ойингдан бошқаларга бундай деб айтма, уят бўлади", дейман. Аммо бу ҳолат жиддийлашсачи? Бора-бора ўзимга ҳам айтмай қўйишидан хавотирдаман. Бу ҳолатдан хабар топганда дадаси ўзларини қандай тутганлари маъқул? Болаларим ҳаётида энг яқин сирдоши бўлишим учун тавсиялар берсангиз. 


Мутахассис:

– Ва алайкум ассалом! Қиз бола онадан андоза олади. Ўзингизда шундай одат йўқми? Эътибор беринг. Қолаверса, бу ёшида болада "қиз бола", "ўғил бола" деган тушунчалар энди пайдо бўлади. Бунда бузуқликни кўрманг. Яна бир томони бор. Қачонки, ота-она ўғил хоҳласаю, аммо қиз туғилса, ёки она қизидан кўра кўпроқ ўғлини эркалатса, бу ҳолатлар қиз болада "ўғил бола бўлиш яхши", деган тушунча пайдо бӯлади. Агар юқорида ёзган ҳолатлар сизнинг оилангизда ҳам кузатилаётган бўлса, қизингизни қиз болалигини мақтанг, қиз бола бўлиш зўрлигини, қизингиз борлигидан бахтиёр эканингизни тез-тез билдириб туринг. Валлоҳу аълам!