Ассалому алайкум! Тушимда бир қиз мeнга “сeн ўласан тайёргарлигингни кўриб тур” дeябди. Шунда мeн ёш кeтарканманда дeб хафа бўлиб йиғладим ва қўрқиб уйғониб кeтдим. Ҳайрият тушим экан дeдим. Лeкин қўл — оёғим увишиб, бўшашиб кeтди. Бу тушимни маъноси чиндан ҳам ўлимдан дарак бeрадими? Ёки бошқа маъноси борми?
«Билимсизликнинг шифоси» ҳайъати:
Ва алайкум ассалом! Туш кўрувчи аввало ҳар қандай туш кўрган тақдирда ҳам уни яхши тарафини олиш керак.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинган ҳадисда : «Мусулмонга тушининг таъбирини айтсангиз фақат яхши таъбир қилинглар. Чунки туш таъбир берувчи айтганидек бўлади» деганлар.
Туш уч хилдир:
а) «Солиҳ туш Аллоҳдан севинч башоратидир».
Агар мусулмон одам таҳорат қилиб, ухлашнинг исломий одобларига амал қилиб, ҳеч нарсани ўйламай ётган бўлса-ю, яхши туш кўрса, Аллоҳ таолодан юборилган яхшиликка ишора бўлади.
б) «Маҳзун туш шайтондандир».
Ухлаган одам ўзини маҳзун қиладиган туш кўрса, унга шайтон таъсир қилган бўлади.
Имом Бухорий раҳматуллоҳи алайҳи Абу Қатода розияллоҳ анҳудан ривоят қилган бир ҳадисда:
«Набий алайҳиссалом: «Солиҳ туш Аллоҳдан, ҳулм – ёмон туш шайтондандир. Сиздан ким ҳулм кўрса, ундан паноҳ тиласин ва чап тарафига туфласин. Ўшанда унга зарар қилмайди», дедилар».
в) «Киши ўзига-ўзи гапирган нарсани тушида кўриши».
Агар одамнинг бошига бирор иш тушган бўлиб, ўшани кўп ўйлаб юрган бўлса, ўша ўйлаш таъсирида туш кўради. Бундай тушнинг эътибори йўқ бўлади.
«Агар бирингиз ўзига ёқмаган нарсани туш кўрса, туриб, намоз ўқисин. Уни одамларга айтмасин».
Яъни тушида нохуш нарсани кўрса, аввал чап тарафига туфлайди, паноҳ тилайди ва кейин туриб, таҳорат қилиб, намоз ўқийди. Яна муҳим шартлардан бири ўша ёқимсиз тушни бировга айтмасликдир. Валлоҳу аълам!.