Ўгай қизга муносабат

21:15 / 08.10.2020 | Gulnora | 1869
Ассалому алайкум! Ҳозирги кунда оилаларда ажримлар кўп. Ажрашган эркаклар иккинчи никоҳидаги аёлининг ўгай қизалоғига қанақа муносабатда бўлиши керак? Ҳатто ўзини отаси ҳам, қизини балоғат ёшига етганда ўпиб, қучоқлашдан сақланиш керак деб ўқиб қолдим. Ўгай оталарчи? Ўгай қизалоқларни балоғат ёшига етмасдан ўпиб, қучоқласа бўладими?
«Билимсизликнинг шифоси» ҳайъати:

– Ва алайкум ассалом! Никоҳи ҳаром қилинган аёллар ҳақида Аллоҳ таоло шундай деб марҳамат қилади:
«Сизларга оналарингиз, қизларингиз, опа-сингилларингиз, аммаларингиз, холаларингиз, ака-укаларингизнинг қизлари, опа-сингилларингизнинг қизлари, эмизган оналарингиз, эмикдош опа-сингилларингиз, хотинларингизнинг оналари, ўзингиз қовушган хотинларингизнинг қарамоғингиздаги қизлари – агар у(хотин)лар билан қовушмаган бўлсангиз, сизга гуноҳ йўқ – ва пуштингиздан бўлган ўғилларингизнинг хотинлари ҳамда опа-сингилни жамламоғингиз ҳаром қилинди. Аввал ўтгани мустасно. Албатта, Аллоҳ Ғафур ва Роҳиймдир. Қўлларингиз мулк қилиб олганлардан бошқа эрли аёллар ҳам (ҳаром қилинди. Бу) сизларга Аллоҳнинг битганидир» (Нисо сураси 23-24-оятлар).
Мисол учун, туққан онасининг никоҳи ҳаром бўлганидек, эмизган онасининг никоҳи ҳам ҳаром бўлади. Туғишган синглисининг никоҳи ҳаром бўлганидек, эмикдош синглисининг никоҳи ҳам ҳаром бўлади ва ҳоказо. Валлоҳу аълам!

8.      «Ўзингиз қовушган хотинларингизнинг қарамоғингиздаги қизлари».

Шариат ҳукми бўйича, эркак ва аёл рози бўлгач, ақду никоҳ ўтиши билан улар эр-хотинга айланадилар. Бирга эр-хотинлик қилиб яшасалар, бу араб тилида «духул бўлди», дейилади. Аммо ақду никоҳдан сўнг уларнинг бирга яшамасдан турган ҳоллари ҳам бўлиши мумкин. Бу икки ҳолатнинг ўзига хос ҳукмлари бор. Ушбу ҳолатларни биз таржимада «қовушган» ёки «қовушмаган» деб зикр қилдик. Ана ўша ҳолатларга тегишли ҳукмлардан бири никоҳи ҳаром бўлган аёллар масаласида ҳам келмоқда. Яъни бир одам аёл киши билан ақду никоҳни ўтказган ҳамда «духул» қилган, яъни қовушган ҳам бўлса, ўша хотиннинг аввалги эридан бўлган қизи бу эркакка ҳаром бўлади. Ояти каримадаги «қарамоғингиздаги қизлари» деган жумла урфга кирган, кўп учрайдиган одатни эътиборга олиб айтилган. Аслида ўгай қиз ўгай отасининг қарамоғида бўлмаса ҳам, улар ўртасидаги никоҳ ҳаром бўлаверади. Бу ҳукмнинг ҳикмати ҳам аниқ кўриниб турибди. Агар эркак кишига ўгай қизига уйланишга рухсат берилса, у қизнинг ўз онаси билан муносабатлари қийинлашади. Қолаверса, ўгай қиз ҳам қиз ўрнида. Аммо юқоридаги шартга кўра, ақду никоҳ бўлган-у, ҳали духул бўлмасдан туриб, аёл билан ажрашса, унинг қизига уйланса бўлади.

 Валлоҳу аълам!