– Ва алайкум ассалом!
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Бир аёл ўзининг мушуги туфайли дўзахга кирди. Уни боғлаб қўйиб, унга таом ҳам бермади, уни ердаги жониворлардан емоғи учун қўйиб ҳам юбормади. Ниҳоят, у озиб-тўзиб, ўлди», дедилар».
Икки шайх ривоят қилганлар.
Шарҳ: Исломда ҳайвонот оламига қанчалар катта эътибор берилганини шундан билиб олсак ҳам бўлади. Бир мушукни боқмаган ёки унинг ўзи кун кўриши учун шароит яратиб бермаган кишининг дўзахга тушиши ҳақида ҳукм чиқиши кичкина нарса эмас. Ҳа, Ислом барча оламлар учун Аллоҳ таоло томонидан раҳмат қилиб юборилган диндир.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Бир одам йўлда кетаётиб, қаттиқ чанқади. Бир қудуқни топиб, унга тушиб, сув ичди. Кейин қайтиб чиқса, бир ит чанқаганидан тупроқни ялаяпти. Ҳалиги одам «Бу ит ҳам менга ўхшаб чанқабди», деди. Қудуққа тушиб, маҳсисини сувга тўлдирди ва оғзига тишлаб, қайтиб чиқди. Итга сув берди. Аллоҳ таоло уни тақдирлаб, мағфират қилди».
«Эй Аллоҳнинг Расули! Бизга ҳайвонларда ҳам ажр борми?» дейишди.
«Ҳа! Ҳар бир ҳўл жигари борда ажр бор», дедилар».
Икки шайх ривоят қилганлар.
(“Ҳадис ва Ҳаёт” китобидан )
Валлоҳу аълам!