Ассалому алайкум! Менинг хотирам жуда пасайиб кетган, кўп нарсалар эсимдан чиқиб кетаверади. Ҳамма нарсага бефарқ бўлиб қолганман. Намоз ўқисам ҳам шунчаки ўқиётганга ўхшайман. Ҳеч нарсани ҳис қилмайман. Олдинлари ҳар бир ҳаракатимни шариатимизга тўғри келиш келмаслигини ўйлаб қилардим, ҳозир шу нарсаларга ҳаракат қилмай қўйганман. Бундан 6 ой аввал жуда қийин вазиятларга дуч келдим, қийин синовлардан ўтдим, тушкунликка кўп тушдим. Балки шуларнинг таъсирида бундай бўлиб қолдимми, деб ўйлаб қоламан. Ҳозир ҳеч нарса ҳақида фикрлагим келмай қолган. Ўзимни ёш боладай тутаман, кўп куламан, лекин асабим жуда тез бўлиб қолган. Арзимаган нарсаларга асабим бузилиб кетади, бошим айланади, нима деганимни ўзим билмай қоламан. Бир ўзим қолсам кўп нарсаларни ўйлаб йиғлагим келади, лекин йиғлолмайман. Ҳудди қалбим қотиб қолгандек. Менга маслаҳат беринг, бундай вазиятда нима қилишим керак?
– Ва алайкум ассалом! Инсоннинг яшашидан бирон мақсади бўлиши керак. Қачонки мақсадини йўқотиб қўйса қандай яшаяпти, ҳаётида нималар бўлади, келажаги нима бўлади мана буларнинг ҳаммасига бефарқ бўлиб қолади. Ўзингизга кун тартибини тузиб олиб унга амал қилиб яшашингиз керак. Аввал соғлигингизга эътибор қилишингиз керак. Эндокринолог қабулига боринг, Витамин Д, кальций ва бошқа таҳлилларни текширтиришингиз керак. Доим бир вақтда овқатланишга ҳаракат қилиш, сувни ичилиш миқдорига, мева ва хом сабзавотларни истеъмол қилишга, дам олишга, сифатли уйқуга, вақтлироқ ухлашга ва вақтлироқ уйғонишга, кўп пиёда юришга эътиборли бўлишингиз керак. Кўп китоб ўқиб ва уни конспект қилиб ёзишингиз керак. Мана буларнинг комплекс қилиб бажаралиши сизни албатта бефарқликдан халос этади. Валлоҳу аълам!