Оила

00:05 / 29.10.2020 | Zebo | 702

Ассалому алайкум! Мен яқинда турмуш қурдим, лекин қийналяпман. Отамларнинг уйларида ҳаётим жуда ҳам яхши эди, чин исломий оила эдик, жуда ҳам бахтли эдим. Аммо бу ерга келганимдан кейин қийналяпман. Тўйимиздан 2 ҳафтадан сўнг билдимки, қайнотамнинг иккинчи аёли бор экан, шу сабаб қайнотам ва қайнонам ўртасида тез-тез тушунмовчиликлар бўлади, оқибатда уларнинг ҳафталаб кечадиган жанжалларидан, жаҳлларидан қийналяпман. Мен академияда ўқийман, ҳомиладорман, шу сабаб кўп хизмат қилмаётганим учун ва овқат тайёрламаётганим учун жаҳллари чиқади. Ўқиш йўқ пайти ва ҳомиладор бўлмаган пайтим хизматимдан мамнун эдилар. Хўжайним билан муносабатим яхшилигини ёқтирмайдилар, бирга ўтирсак унга ҳам жаҳллари чиқиб бақирадилар. Буларнинг барчаси ҳақида қайнисинглим, қайниукаларим ва қайнотамга қандай етказишларини билмайман, лекин уларнинг барчаси менга ҳудди душманга қарагандай қарайди, беҳурмат қилиб, овозини кўтаришгача боради. Хўжайнимга ўз оила аъзоларини ёмонламаслик учун индамайман, ота-онамга сиқилмасин деб индамайман, ҳаммасини ичимга ютиб қийналяпман. Илтимос, менга маслаҳат беринг. Тинч оиладан тушганим учун буларни бошдан кечириш қийин бўлмоқда. 

Руҳшунос:

– Ва алайкум ассалом! Сиз турмуш ўртоғингизга бўлаётган вазиятни тўғри тушунтиришингиз керак. Яъни нафрат аралаштирмай, ҳеч кимни айбламай фақат ўз ҳис-туйғуларингизни ифодалашингиз керак. Ичингизга ютишингиз фарзандингиз дунёга келганидан кейин унинг инжиқликларида, бетинимлигида билиниши мумкин. Қайнонгиздаги бу ҳолат психологик ўзгаришларига биноан содир бўлаяпти. Бу вазиятни ўзингизга қаттиқ олманг. Аёл кишида, айниқса ёши каттароқ бўлганида эркак кишидан ҳар тарафлама қониқиш ҳисси мукаммал бўлмас экан шу каби вазиятларни келтириб чиқара бошлайди. Ўғли билан келини ўртасига тушаверса, ўғлини рашк қилишгача борса, бу руҳий ўзгариш бор дегани. Чунки руҳий соғлом бўлган, ўзини ва оила аъзоларини ҳурмат қилган инсон бу каби ишларни қилмайди. Шунинг учун қайнонангизнинг қилиқларини қалбингизга яқин олмасликка ҳаракат қилинг. Валлоҳу аълам!