Ассалому алайкум! Мен 25 ёшдаман. 3 та фарзандим бор, 2 ўғил ва 1 қиз. Анчадан бери ичимда қандайдир бир ишончсизлик туйғуси бор. Намоз ўқиётган вақтимда ҳаёлимни жамлашга, оятларнинг маъносини эслаб ўқишга ҳаракат қиламан, лекин доим ҳаёлим қочади. Нимадир ичимдан қўрқитади. Ўзимга ўзим бўлган воқеаларни гапириб, гоҳида асабийлашаман. Ёшимга нибатан вазним кўп, шунга ҳам кўп сиқиламан, бу ҳис-туйғулардан чарчаб, тўйиб йиғлагим келади. Лекин тезда ўзимни тўхтатаман, бу ҳолатларимни бартараф этиш учун нима қилишим керак? Намозимни ўқиб дарров туриб кетяпман, истиғфор, саловат, Қуръон тиловат қилишни гоҳида унутаман. Илтимос, ёрдам беринг.
– Ва алайкум ассалом! Шошилмасдан яшашга ҳаракат қилинг. Намоз ўқиётганингизда фақат намозни ўйлашга, идиш-товоқ юваётганингизда шуни ўйлашга, овқат пишираётганингизда овқат ҳақида ўйлашга ҳаракат қилинг. Бу иш миянгизда куч-қувват кўпайишига ёрдам беради. Мия аслида салбий ўй-ҳаёллар қилинишига мослашган. Бу иш ўзини-ўзи хавфли нарсалардан муҳофаза этиш учун керак. Турли салбий ўй-ҳаёллар келганида уларни бартараф этиш учун бирон муддат ҳаёлан бирон фикрни қайтариб юриш керак. Мисол учун “мен соғломман” деб. Негаки мия ўта кучли механизм бўлишига қарамай, у бир вақтда икки хил нарса ҳақида фикр юрита олмайди. Салбий фикр ҳаёлингизга келдими ана шу эмоцияга ном бериб кўринг. Мисол учун “менда ортиқча вазн бор” деган ҳаёл келди, сиз шу онда ҳосил бўлган эмоциянгизга баҳо беринг “бу эмоциянинг менга фойдаси йўқ” деб. Шундай қилаверсангиз миянгизда салбий эмоциялар, ўйларнинг ҳосил бўлиши камаяди. Албатта ўзингизни етарлича ва сифатли уйқу билан таъминлашингиз керак. Валлоҳу аълам!