Ассалому алайкум! Турмуш қурганимга сал кам бир ярим йил бўлди. Алҳамдулиллаҳ, 5ойлик қизалоғим бор. Оиламда муаммолар мавжуд. Турмуш ўртоғим кўп хиёнат қилдилар. Ҳомиладорлик пайтларим кўп сиқилдим. Ўртамизда севги, меҳр-муҳаббат деган нарсалар умуман йўқ. Ҳозирги пайтда бегона аёллар билан гаплашадиларми, йўқми ишим бўлмай қўйди. Лекин мен билан умуман қизиқмасликлари, қилган хиёнатлари, чиройли яшашга интилмасликларидан жуда сиқилиб кетаман. Онгимда фақат ажрашиб кетиш фикри айланади. Чунки уларни ўзгартиришга, меҳрибон бўлишга кўп уриндим. Қўполликлар қилиб кўнглимни қолдирдилар. Молиявий эҳтиёжларим билан ҳам ишлари йўқ. Маслаҳат беринг, қандай йўл тутай?
– Ва алайкум ассалом! Ажрашишдан онсон иш йўқ. Сиз ўзингизга бўлган меҳрингиз орқали бировни сизга меҳрибон бўлишига ўргатиб олишингиз мумкин. Агар ўзингизнинг қадрингизга етмасангиз, ўзингизга ўзингиз меҳр бера олмасангиз, ўзингизни парваришламасангиз атрофингизда ҳеч ким буни ўз зиммасига олмайди. Қачон инсон ўзини парваришлаган, ўзини қадрини билган, ўзига меҳр кўрсата оладиган бўлади? Қачонки қалбига оғриқ берадиган ишлардан ўзини эҳтиёт қилса, қачонки балансланган озуқавий таомларни истеъмол қилса, уйқусига эътибор қилса, билимларини оширса, кўп китоб ўқиб турса, севган машғулотлари билан шуғулланса ва ҳаказо. Оиласида инсон ҳар қандай муаммоларга дуч келади. Ҳеч кимнинг ҳаёти силлиқ бир маромда бўлмайди. Ҳар бир муаммо инсонни бир поғонага ўстиради, тажрибали қилади. Ҳамда бу синовларга қилинган сабрлар эвазига қанчадан қанча савоблар олинади. Валлоҳу аълам!