Ассалому алайкум! Биз алоҳида квартирада турамиз. Турмуш ўртоғим, мен ва 7 ёшли ўғлим. Ўғлим боғчага борган, мактабдаги тайёрлов синфга борган, ментал арифметикага борардик, карантин сабаб тўхтаб қолди. Бу йил мактабга чиқди, Алҳамдуллилаҳ. 5-6 ёшида ўзи билан ўзи гаплашадиган одат чиқарди. Ўзича бир нималар дейди. "Нима дединг?" десам, "йўқ, ҳеч нарса демадим", деб тўхтаб қолади. Боғчада ўртоғим йўқ дерди. Боғчадаги болаларнинг исмини сўрасам "эсимда йўқ, билмайман", дерди. Ҳозир мактабда ўртоғи бор. Лекин ҳануз олдида ҳеч ким йўқ бўлса (менинг олдимда ҳам гапираверади) ўзи билан ўзи гаплашади. Бу одати қолармикин, нима қилсам бўлади? Илтимос, маслаҳатингиз керак.
– Ва алайкум ассалом! Болалардаги бу ҳолат ёлғиз фарзандларда кузатилади. Боланинг ўзи билан ўзи гаплашиши бу, ўз хаёлоти(фантазияси)да шаклланган дўсти билан гаплашиши бўлади. Бу нормал ҳолат. Бундай болалар хаёлоти (фантазияси) бой бўлиб, уларнинг руҳиятини тўғри йўналтирилса, ихтирочилик қобилияти ривожланиб, келажакда катта ютуқларга эришиши мумкин. Болангизнинг ташқи оламдаги дўстлари ва улар билан мулоқоти кўпайгани сари хаёлотидаги дўстига эҳтиёжи қолмайди. Шу орқали ўзи билан ўзи гаплашиши йўқолиши мумкин. Лекин баъзан катталар ҳам ҳеч ким йўқ жойда ўзи билан ўзи гаплашиши кузатилади. Бу ҳолат инсон ўзи қилган ишларини овоз чиқариб тартибга келтирганда, таҳлил қилганда юзага келади. Бу касалликка кирмайди, бу ўзига ўзи ҳисобот топширишдек гап. Ўғлингиздаги бу ҳолат ўткинчи ҳисобланади. Нотўғри танбеҳ берманг, болани қўрқитиб, ўзингиздан совутиб юборадиган даражада уришманг. Ёлғиз қолдирманг, болалар билан дўстлашишига кўпроқ имкон яратиб беринг, ўзингиз кўпроқ мулоқот қилинг. Болангиз билан турли мавзуларда кўп-кўп суҳбатлашсангиз қолиб кетиши мумкин. Болангизга эркинлик беринг. У билан ўзига тегишли масалаларда маслаҳатлашинг. Арт-терапевтик машғулотлар билан банд қилсангиз бўлади. Валлоҳу аълам!