Кичик хатми Қуръон

02:17 / 03.12.2020 | Madina | 2183
Ассалому алайкум! Ёши катта 2 нафар аёлдан хатми Қуръоннинг кичиги ҳам борлигини эшитдим. Бунда 1-Фотиҳа, 2-Ясин, 3-Кафирун, 4-Фалақ, 5-Нас суралари, сўнгра Оятал курсий ўқилса кичкина хатм дейишганди. Шу ростми?
«Билимсизликнинг шифоси» ҳайъати:

– Ва алайкум ассалом! Хатми сағир одатда хатмнинг якунида ўқилади. Хатмда аввал биринчи хатм тугатилиши керак. Фотиҳа ва Бақарадан ўқиш эса, янги хатмнинг бошланиши ҳисобланади. Хатми сағирни агар хатм сўнгида қилинса, аввал охирги суралар ўқилиб, кейин янги хатм Фотиҳадан бошланади. Бунга қуйидаги ҳадиси шариф далил бўлади.

عَنِ ابْنِ عَبَّاسٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُمَا، قَالَ: قَالَ رَجُلٌ: يَا رَسُولَ اللهِ، أَيُّ الْعَمَلِ أَحَبُّ إِلَى اللهِ؟ قَالَ: «الْحَالُّ الْمُرْتَحِلُ». قَالَ: وَمَا الْحَالُّ الْمُرْتَحِلُ؟ قَالَ: «الَّذِي يَضْرِبُ مِنْ أَوَّلِ الْقُرْآنِ إِلَى آخِرِهِ، كُلَّمَا حَلَّ ارْتَحَلَ». رَوَاهُ التِّرْمِذِيُّ وَالْحَاكِمُ وَالدَّارَمِيُّ.

Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қи¬линади:

«Бир одам: «Эй Аллоҳнинг Расули, қайси амал Аллоҳга энг маҳбуб?» деди. «Тушиши билан қайта жўнайдиган», дедилар. «Тушиши билан қайта жўнайдиган нима дегани?» деди. «Қуръонни аввалидан охиригача ўқиб келиб, тушиши билан яна бошдан жўнаб кетадиган», дедилар».

Термизий, Ҳоким ва Доримий ривоят қилишган.

Бу ҳадисда Қуръонни хатм қилиб юрувчи киши бир манзилга қўниб, яна йўлда давом этадиган мусофирга, сайёҳга ўхшатилган ва бу Аллоҳга энг маҳбуб амаллардан экани уқтирилган. Бундан Қуръонни хатм қилган киши янги хатм бошлаб қўйиши мустаҳаблиги келиб чиқади. Аммо бу ерда янги хатмдан қанча ўқиш ҳақида ҳеч гап айтилмаган. Бу ҳақда имом Муҳаммад ибн Жазарий  ўзининг ва бошқа қироат имомларининг санадлари орқали Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилган ҳадисга кўра, Убай ибн Каъб розияллоҳу анҳу Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳумога Қуръондан таълим бера туриб, Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо Қуръонни хатм қилиб бераётганида: «Ал-ҳамду»дан ва «Бақара»нинг беш оятидан бошлаб ўқиб қўй. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам менга ҳам у зотга хатм қилиб берганимда худди шундай қилдирганлар», деб айтган.

Бу хатм сўнгида хатми сағир қилиш ҳақидаги сўзлардир. Аммо хатм сўнгида эмас, шунчаки мустақил тиловат, зикр мазмунида мазкур сураларни ўқилса, унда икки сурат ҳам мумкин. Аввал қисқа сураларни ўқиб, кейин Фотиҳа ва Бақарадан ўқиса ҳам, Фотиҳадан бошлаб, мазкур сура ва оятларни мусҳафдаги тартиби бўйича ўқиса ҳам бўлаверади. Ҳар иккисида ҳам суралар тартиби бузилмаган ҳисобланади.

Фуқаҳолар намознинг биринчи ракатига Ан Нас сурасини зам сура қилган киши иккинчи ракатга Бақаранинг аввалидан ўқиш кераклигини айтганлар. Бу билан тартибга риоя қилиш назарда тутилган.  Бу ҳам юқоридаги фикрни қувватлайди. Валлоҳу аълам.