Ассалому алайкум! Болани уриб бўлмаслигини савол-жавобларингизда ўқидим. 6 ёш ва 4 ёшдаги икки нафар ўғлим бор. Баъзи вақтларда уришга мажбур бўламан. Тарбияси яхши эмас. Оиламизда бола тарбиясига кўп эътибор берилмайди. Қайнонам, қайнотам бемалол болага ёлғон гапирадилар, хўжайним бўш вақтларида телефон ўйнаб ёки телевизор кўриб ўтирадилар. Болаларни тарбияси билан ишлари йўқ. "Катта ўғлимизга бироз дарс қилдиринг", десам, "ўзинг қара", дейдилар. Кўп гапираман, лекин фойдаси йўқ. Болалар тарбияси тўғрисида кўп маърўзалар эшитаман, амал қилишга ҳаракат қиламан, лекин оиламизда муҳит яхши эмас. Болаларни уриб бўлмаса, ёлғон гапирган, "қилма" деган ишни қилган вақтларида нима қилсам бўлади?Кўпинча айтганимни қилмаса қўл-оёғини кўтартириб қўяман. Яна бир гапни одат қилиб олганман, "учгача санайман, қилмасанг ураман", дейман. Шу ишим тўғрими? Бир-икки марта ёлғон гапирганини билиб қолдим, "уйдан далага чиқмайсан", дедим. Илтимос, маслаҳат беринг.
– Ва алайкум ассалом! Фарзанд тарбиясида уйдаги муҳит аҳамиятга эга. Аммо асосий тарбияни она беради. Сиз уйингизни ва оила аъзоларингизни ҳурмат қилиб, уларни қабул қилинг. Ҳамма нарсада уларни айблаяпсиз, бу эса фарзандларингизда намоён бўлаяпти. Хато қилса дакки бериш, бирор енгил жазо бериш мумкин.
Валлоҳу аълам!