Эрим билан келишолмайман

22:44 / 22.11.2020 | Dilnoza | 868

Ассалому алайкум! Мен эрим билан ҳеч келишолмайман. Доим унинг ҳамма гапларига "хоп", деб, бирон марта гап қайтариб, тик қарамаганман. Лекин у ҳамиша айб топади, арзимаган нарсалар учун уришиб, бақиради. Ҳозирда 3 та қизим бор, Алҳамдулиллаҳ. Оиламиздаги бу нотинчликлардан асабий бўлиб, соғлигимда муаммолар пайдо бўла бошлади. Бу фарзандларимга ҳам таъсир қилишидан қўрқаман. Илтимос, менга маслаҳат беринг! 

Руҳшунос:

– Ва алайкум ассалом! Албатта ота-она жанжал қилаверса болаларга жуда салбий таъсир қилади. Уларда жиззакилик, худбинлик, бемеҳрлик, тушкунлик ҳолатларининг келиб чиқишига уйдаги жанжаллар, носоғлом муҳит сабабдир. Эркак киши ҳар доим кўнглидаги гапни, талабларини очиқ гапира олади. Сиз турмуш ўртоғингизга у ёқтирган мазали таомни пишириб беринг. Эшикдан кириб келганида табассум ила кутиб олинг. Қорни тўйгач, кечки хизматларингизни бажариб сўнг: “Келинг очиқ гаплашиб олайлик. Менга бир муаммода ёрдам беринг. Охирги вақтларда сизни кўп ранжитаяпман. Сизни бахтли қилишни ва ўзим ҳам сиз билан бахтли яшашни хоҳлайман. Айтинг, менинг нима камчиликларим, қайси одатларим сизни жаҳлингизни чиқаради?”, деб сўраб олинг. Ана шу гапларига катта эътибор қаратинг. Яхшиликка иккила томон сабаб бўлади ва ёмонликка ҳам. “Амаллар ниятга боғлиқ” деган маънодаги ҳадисга биноан амалларингиз гўзал бўлиши учун ниятларингизни ҳам гўзал қилишга ҳаракат қилиб кўринг. Яхшилик гумонида бўлиб кўринг. Бу амалингиз ҳам Пайғамбар алайҳиссаломнинг айтган сўзларига биноан иш бўлади. Валлоҳу аълам!