Ассалому алайкум! 7 ярим ойлик хомилам билан ковидга чалинганимга роппа роса 22 кун бўлибди. Шу 22 кун давомида бошимдан ўтганларимни сўзлаб беришга рухсат бергайсиз. Биз ҳар куни эрталаб туриб оддий юз-қўлимизни ювамиз, чой дамлаймиз, болаларимизни мактаб-боғчага, эримизни ишга кузатамиз. Қайсидир маънода бир хиллик зерикиш, жонга тегиш... Йўқ, асло, буларнинг барчаси неъмат экан опажон. Буни мен нафасим сиқиб, юзимни юволмай, бурнимни қоқолмай, хожатга юриб боролмай қолгандагина тушуниб етдим. Ҳа биз аслида кундалик ишларига яраб юришимиз Аллоҳнинг бизга берган битмас туганмас неъмати экан. Мен кунлар ичида чеккан азобларимни Аллоҳдан гуноҳларимга каффорат бўлишини, шу дардни кўзимни очиш учун берилганини, менга тушунишимда қалбимни очиб қўйган Аллоҳимга ҳамду санолар айтаман. Бу дунёнинг бир нафас олиб чиқаргучалик қадри йўқ экан. Мен учун 4 фарзандим, хўжайиним 2 хонали уйим дунёда энг азиз неъматларим экан. Бутун дунёни оёғим остига ташласаям битта нафас олиб чиқаришим учун алишмайман. Суви сероб ҳаммомда чўмилишимни, буринларимни қоқишимни, фарзандларим билан ўтказадиган оддий, содда кунларимни дунёларга алишмайман. Опажон мен Аллоҳнинг қаҳрини келтириб, намозларимни ўйин қилдим, Қуръонимни қўлимдан қўйдим. Мана оқибат мусибат дардга йўлиқдим. Инсонлар кўзларини очишсин деб баралла бақиргим келади. Нимага бу дард айнан бизга қайси гуноҳимиз учун берилаётганини тушунишса эди. Эҳ, менинг мусаффо нафас олишларим қайтиб келармикан, яна олдингидақа чуқур-чуқур нафас олармиканман? Бу ёғи Аллоҳдан, нима бўлса тақдиримдан рози бўламан. Опажон мени, шу ерда ётган барча аёлларни дуо қилинг. Дуоингингизга муҳтожман. Шу ерда ётган касаллар, врачларни ҳам дуо қилинг опажон. Ҳақиқий жонкуяр инсонлар тепамизда гирди капалак бўлиб туришади. Илтимос, Опажон Аллоҳ бизга Комил, асоратсиз шифо бериши учун Дуо қилинг!
– Ва алайкум ассалом! Аллоҳ таоло ушбу синовларни бошимиздан аритиб, барчамизни офиятга қайтарсин! Ўтганларимизни раҳмат айласин! Беморларимизга шифои комил берсин! Мана шу касаллик тарқаганидан бери жонини аямай хизмат қилаётган шифокорларимизнинг ажриларини кўпайтириб берсин!