Ассалому алайкум! Ёшим 17 да, 9 ёш укам бор. У доим бир ўйин ҳақида гапиради. Номи "Пабжи" экан. Ҳозирда мактабга чиқамиз, синфдошларим ҳам дарс бўйи шу ўйинни ўйнашади. Вояга етай деб қолган синфдошларимни ўзига мубтало қилган бу ўйин укамни ҳам "асир" қилишидан қўрқаяпман. Укамни айтиши бўйича, бу ўйинда иштирокчи ислом улуғлаган нарсаларни оёқ ости қилмагунча кейинги босқичга ўтмас эмиш. Бу даҳшатдан кейин уйимизда (ота-онам бехабар) "пабжи" сўзи тилга олинишини ҳам тақиқладим. Аммо укамнинг у ўйинга бўлган қизиқиши камаймаган. Укамни ўйинларга эмас балки исломга, Қуръон ёд олишга қизиқишини қандай оширсам бўлади? Нима десам ҳам фойдаси бўлмаяпти.
– Ва алайкум ассалом! Бу масалани ота-онангиз билан биргаликда ҳал қилишингиз лозим. 9 ёшли болага телефон олиб бериш шартмикан... Укангизнинг бўш вақтини тўғри ташкил қилинмаганлигидан кераксиз нарсалар билан вақтини ўтказяпти. Бола жуда кичкиналигидан оиладагилардан ўрнак олади. Қуръон, намоз ўқиш ва ёдлаш кабиларда. Иложи борича тезроқ ўргатишни бошлашингиз керак. Бунда ўзингиз, оила аъзоларингиз ўрнак бўлишлари лозим. Интернетдаги бемаъни ўйинлардан кўра исломий фильм ва мультфильмларни бирга кўриб фикр алмашиш, гуноҳ ва савоб ишлар ҳақида бола фикрини ўсиши учун мисоллар келтириш, китоб ўқиш ва мустақил фикрлаш ёки бирор спорт тўгараги, ёки ўзи қизиқадиган ҳунар ўргатиш орқали болада ижобий ўзгариш ҳосил қилиш мумкин. Синф раҳбари билан доимий алоқада бўлиш, қандай болалар билан ўртоқлашганини кузатиб боришни маслаҳат берамиз. Валлоҳу аълам!
Ва алайкум ассалом. Ўқишга, Қуръонга қизиқиш фақат муҳаббат билан бўлади. Қуйидаги мақолани ўқиб ўзингизга керакли хулосаларга эга бўласиз деган умиддаман.
Қарамлик
Ҳозирги кунда инсонлар турли қарамликларга мубтало бўлишяпти ва буни табиий ҳол деб билишмоқда. Қарамлик ўз номи билан тобеъ бўлиш, муккасидан кетиш, заҳарланиш, воз кечолмаслик маъноларини беради.
Қарамликнинг интернетга қарамлик, таомга қарамлик (кўп ейиш), уйқу қарамлиги, харид қарамлиги (шопоголизм), ғазабга қарамлик, сериалга қарамлик, ғийбатга қарамлик ва ҳ.к. каби кўплаб турлари бор. Минг афсуслар бўлсинки, ҳозирда ҳар бир инсонда у ёки бу қарамлик кузатилмоқда.
Хўп, ўзи бундай қарамликларнинг сабаби нимада?
1. Иймони заиф бўлиб, қалбида Аллоҳга бўлган муҳаббат етишмаслиги;
2. Яшашдан мақсадни англамаслик;
3. Инсоннинг реал ҳаётида завқланадиган машғулоти йўқлиги;
4. Атрофида уни тушунадиган ва қўллаб-қувватлайдиган меҳрибонлари йўқлиги ёки уларни ҳис этолмаслик;
5. Болалик давридаги эътибор ва муҳаббат етишмовчилиги...
Ушбу қарамликларнинг салбий оқибатлари:
1. Қалбда бўшлиқни ҳис этавериш;
2. Диққатнинг тарқоқлиги;
3. Депрессия;
4. Яқинлари билан ўзаро муносабатларнинг бузилиши;
5. Бахтни ҳис эта олмаслик;
6. Келажакда ўз ўрнини топишда қийналиш.
Нима қилиш керак?
1. Авваламбор онгли ҳаётни танлаш ва ривожланишга қарор қилиш!
2. Тоза ҳавода сайр қилишни одат қилиш;
3. Истиғфор айтишни кўпайтириш ва албатта, ибодатларда мустаҳкам туриш;
4. Ҳар лаҳза учун, бор неъматларга шукур ва тафаккур қилиш;
5. Севимли машғулот (хобби) топиш ва шуғулланиш;
6. Агар ўзингизга ўзингизни кучингиз етмаса психолог билан биргаликда енгиш керак.
Хўш, ўзингизга савол бериб кўрингчи, сиз нимага қарамсиз? Қандай зарарли одатлардан воз кеча олмаяпсиз? Балки ҳаётингиздаги қоқилишларингиз сабаби мана шу қарамликдир?
Бугундан қарор қилинг ва қарамликдан юз ўгиринг. Биз сизга ишонамиз!
психолог, арт-терапевт Нилуфар Раҳимова