Атир сепиб, кўчага чиқиш

12:04 / 16.12.2020 | Aziza | 662
Ассалому алайкум! Атир сепиб кўчага чиқиш аёлларга ҳаром қилинганми?
Одинахон Муҳаммад Юсуф:

– Ва алайкум ассалом! Абдуллоҳнинг аёли Зайнаб розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бизга:
«Сизлардан бирортангиз масжидга ҳозир бўлса, ҳеч хушбўй суртмасин», дедилар».
Муслим ривоят қилган.
Бошқа бир ривоятда:
«Қайси бир аёл хушбўйланган бўлса, биз билан Хуфтон намозига ҳозир бўлмасин», деганлар.
Шарҳ: Аввало бу ҳадиснинг ровияси – Абдуллоҳ ибн Масъуднинг завжалари Зайнаб розияллоҳу анҳо билан яқиндан танишиб олайлик.
У кишининг исмлари Зайнаб бинти Муовия ас-Сақафия бўлган. Бу саҳобия машҳур саҳобий Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳунинг аёли эканликлари билан шуҳрат топганлар. Шунинг учун ҳам ушбу ҳадиси шариф санадида «Абдуллоҳнинг аёли Зайнаб розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади» дейилмоқда.
Зайнаб розияллоҳу анҳо илмга қизиққан саҳобиялардан бўлганлар. Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг илмий мажлисларида фаол қатнашганлар. Ўзлари ҳам саволлар билан у зот алайҳиссаломга мурожаат қилиб турганлар.
Айниқса, Зайнаб розияллоҳу анҳонинг Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳуга ўз закотларини бериш ёки бермасликлари ҳақидаги саволлари жуда ҳам машҳурдир. Бундан у киши ўз эрларидан кўра бой бўлганликлари аён бўлади.
Зайнаб бинти Муовия ас-Сақафия розияллоҳу анҳо бевосита Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг ўзларидан бир қанча ҳадисларни ривоят қилганлар. Шунингдек, у киши ўз жуфти ҳалоллари Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан, буюк саҳобалардан – Умар ибн Хаттоб ва бошқалардан ҳам ривоят қиладилар.
Зайнаб бинти Муовия ас-Сақафия розияллоҳу анҳодан эса Буср ибн Саъид, Абдуллоҳ ибн Амр ибн ал-Ҳорис, ўғиллари Абу Убода ибн Абдуллоҳ ибн Масъуд ва бошқалар ривоят қиладилар.
У кишининг ҳадисларини Имом Бухорий, Имом Муслим ва бошқа муҳаддислар ўз китобларида келтирганлар.
Энди Зайнаб бинти Муовия ас-Сақафия розияллоҳу анҳодан ривоят қилинган ҳадисни ўрганишга киришайлик.
Аслида муслима аёлнинг уйидан ташқарига хушбўй нарса суртиб чиқиши ҳаром. Масжидга борганда суртиши яна ҳам қаттиқ гуноҳ. Чунки бу иш ибодатга келган эркакларнинг кўнглини бузиб, фитнага сабаб бўлиши мумкин. Аёл кишининг масжидга бориб, эркакларнинг хаёли қочишига сабаб бўлишидан кўра бормагани маъқул.
(“Ҳадис ва Ҳаёт” китобидан )