Ассалому алайкум! Дугонам турмушга чиқди. Жуда яхши қиз. Лекин биринчи кечада қон келмаган. Куёв ҳам жуда исломий йигит бўлганлиги учун қизга ишонган ва "бу муҳим эмас", деган. Қизга келсак, у жуда хафа, ахир у ҳеч ким билан зино қилмаган. Баъзи қизларда қизлик пардаси бўлмайдими?
– Ва алайкум ассалом! Сизнинг бу саволингизга акушер-гинеколог Маҳмуда Имомқулованинг бу борадаги ушбу мақоласидан иқтибос келтираман :
" Бокиралик пардаси қизлар қинини ташқи томондан “ёпиб” туради. Парданинг бир ёки бир неча кичик тешиклари борки, улар орқали ҳайз суюқлиги ташқарига сизиб чиқади. Парданинг сезувчан асаб толалари мўл бўлгани боис, никоҳ кечасидаги илк жинсий яқинлашув пайтида парда йиртилади ва ундан қон келиши кузатилади. Қоннинг миқдори парда шаклига боғлиқ. Ушбу табиий жараён тиббиётда дефлорация ҳодисаси, деб юритилади.
Қизлик пардаси қандай жойлашган?
Тажрибаларга асосланиб, шуни айтиш мумкинки, қизлик пардаси, асосан, 6 хил кўринишда бўлади. Энг кўп учрайдигани қин деворидан 4-5 мм. қалинликда бўлиб, кўпчилик қизларда узуксимон кўринишда бўлади. Шунингдек, қин деворидан 2-3 мм. қалинликда тўлқинсимон ўсмамонанд, то туғруқ даврига қадар давомли жинсий яқинликлардан қатъи назар, сақланиб турувчи тури (айнан шу турида биринчи алоқадан сўнг қон сезилар-сезилмас келиши мумкин) ва ўртасида бир-икки тешиклари, кесимлари бўлган парда ҳам учрайди. Жуда кам учрайдигани парданинг тўлиқ ёпиқ тури бўлиб, у 12-13 ёшдан бошлаб ҳайз кўра бошлайдиган қизлар учун муаммо туғдиради. Чунки ойлик ҳайз ўз вақтида ташқарига чиқа олмагани туфайли, бачадонда тўпланиб, кучли оғриқ беради. Бундай ҳолатларда гинеколог-шифокорлар парданинг ўртасидан “+” шаклида кесимлар очиб қўйишади.
Илк жинсий алоқада қизлик парда йиртилмаслиги мумкинми?
Баъзан, дастлабки жинсий алоқа вақтида, ҳатто ундан кейинги алоқаларда ҳам бу парда тугал йиртилиб кетмаганлиги кузатилган. Парда қолдиқлари туғиш вақтидагина тугал тушиб кетган. Шу билан биргаликда парда бутунлиги сақланган ҳолда ҳомиладор бўлиб қолиш ҳолатлари ҳам йўқ эмас. Бунда ҳам парда туғруқ вақти тўлиқ бартараф этилади.
Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, қизлик пардаси шакл жиҳатидан ҳам, катталиги ёки чўзилиши борасида ҳам бениҳоя хилма-хилдир. Шу боис никоҳдан кейинги дастлабки жинсий алоқада кўзланган мақсадга эришилмаса, келин-куёвнинг ўзларини айбдор ҳис этишларига асло ҳожат йўқ. Англашилмовчилик бўлган вақтларда дарҳол шифокор-гинекологга мурожаат этилса, у вазиятга холис баҳо бера олади.
Жинсий алоқада қиндан қон чиқмаслигига сабаб нима?
Ҳайз кўриш даврида қинига тиғиз тампонлар киритадиган жуда озода қизларда, кўпинча, парда чўзилади, бу эса дастлабки жинсий алоқада ундан қон чиқмаслигига сабаб бўлади. Автоҳалокат ёки мудҳиш воқеа туфайли тос, сон соҳалари, қовуқ ва йўғон ичак жароҳатланганида ёхуд синганида парда йиртилиб кетиши ҳам мумкин. Аммо мазкур ҳолатлар камдан-кам кузатилади.
Қизлик пардаси умуман бўлмаслиги ҳам мумкинми?
Қизлик пардаси умуман бўлмаслиги ҳолатлари ноёб ҳодисадир. Шу боис, қизларни пубертат ёши (12-13 ёш)да болалар гинекологига олиб бориш ва келажакдаги муаммоларга чек қўйиш лозим
Умрнинг жўшқин палласида…
Кўпинча, илк жинсий яқинлик қиз бола учун аёллик бурчини бажариш ҳисобланади. Фақат никоҳнинг кейинги кунларидагина у ўзи учун янги шароитга кўникади ва турмуш ўртоғи билан табиат инъом этган нозик муносабатлардан лаззат туяди. Шу боис қизлар турмушга чиқиш арафасида онаси билан биргаликда маҳаллий оилавий поликлиникага мурожаат этиб, биринчи никоҳ кечаси ва кейинги жинсий ҳаётга оид зарур маслаҳатларни олиши керак.
Шу ўринда эркакларга алоҳида маслаҳат: улар биринчи кечада жуда ҳам эҳтиёткорлик ва хушмуомалалик билан ҳаракат қилишлари шарт. Чунки бу аёлдаги ҳам психологик, ҳам жисмоний (ҳали бирор марта ҳис қилинмаган туйғу ва парда йиртилишига дахлдор оғриқдан қўрқув) тўсиқларни енгиб ўтишда ўта мухимдир " . Валлоҳу аълам!