Ҳуруфул муқаттоат

01:21 / 21.12.2020 | Binru Maruf | 727
Ассалому алайкум! Кўпчилик ҳуруфул муқаттаот тўғрисида саволлар беради, яъни бу ҳарфларни маънолари нима деб ва бунга илм аҳллари билишимча уламоларнинг турли фикр ва мулоҳазаларини билдирадилар. Қуръони Карим маънолари, тафсири, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга тўлалигича ёритилган. Шундай экан шу ҳарфларнинг маъноларини очиб берувчи пайҳамбаримизнинг ўзлари айтган сўзлари ҳадислари бўлсалар керак. Саҳобалар ҳам биз каби қизиққан бўлсалар керак деб ўйлаб қолдим.
«Билимсизликнинг шифоси» ҳайъати:

– Ва алайкум ассалом! Қуръони Каримнинг йигирма тўққиз сураси юқоридагига ўхшаш ҳарфлар билан бошланган. Бу ҳарфларга турлича номлар берилган: баъзилар «Ҳуруфул муқаттаот» – «кесик ҳарфлар» десалар, бошқалар «Ҳуруфул ҳижо» – «алифбо ҳарфлари» дейдилар, учинчилари эса «Фавотуҳус сувар» – «сураларни очувчилар» деб атайдилар.

Бу ҳарфларга турлича ном берилганидек, баъзи сураларнинг улар ила бошланишидан кўзланган мурод ҳақида ҳам ҳар хил фикрлар айтилган. Бу ҳақда махсус баҳслар ҳам бор. Баъзи уламолар бу ҳарфларнинг сирини Аллоҳга ҳавола этадилар, бошқалари: «Бу Аллоҳ билан Набий алайҳиссалом ўрталаридаги сир», – дейдилар. Бошқа бирлари эса уларга ўзларича маъно берганлар.

Ихтилофнинг асосий сабаби, улар ҳақида на Набий алайҳиссаломнинг ўзларидан ва на саҳобаи киромлардан бирорта ҳам ривоят йўқлигидир. Шубҳасиз, улар бу ҳарфлардан мурод нималигини яхши билганлар, шунинг учун ҳам бир-бирларидан сўрамаганлар ва ривоят қилмаганлар. Саҳобаи киромларнинг одатлари – улар билмаган нарсаларинигина сўрар эдилар. Улар улуғ зотлар бўлиб, елкаларида Ислом динини бутун дунёга тарқатишдек улкан масъулият ётганини тўлиқ тушунар ва асосий эътиборни шунга қаратар эдилар. Билган нарсалари ҳақида тортишувларга тоқатлари ҳам, вақтлари ҳам йўқ эди.

Кўпгина тафсирчилар, айниқса, тафсирчиларнинг кейинги авлоди «Баъзи сураларнинг мазкур ҳарфлар ила бошланиши арабларга «Қуръон сизлар ишлатиб юрган «алиф», «лаам», «миим»га ўхшаш ҳарфлардан тузилган. Қўлларингиздан келса, сизлар ҳам шунга ўхшаш нарса тузинглар-чи», деган маънони англатиш учун қилинган», – деганлар.

("Тафсири Ҳилол" китобидан )

Валлоҳу аълам!