Ва алайкум ассалом. Қуён гўшти ҳалол, унинг истеъмоли жоиз. Аммо инсонни паришон қилиши ҳақида маъумотга эга эмасмиз. Валлоҳу аълам.
Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.
«Марриз-Заҳрондалигимизда бир қуённи чўчитиб юбордик. Одамлар уни қувлаб, чарчашди. Мен уни тутиб, Абу Толҳага келтириб бердим. У уни сўйиб, икки ёнбошини (ёки икки сонини) Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга юборди. Бас, у зот қабул қилдилар».
Шарҳ: «Марриз-Заҳрон» Маккаи мукаррамадан пиёда юрганда бир кунлик йўл узоқликдаги жойнинг номи. Бу жой ҳозир ҳам шундай номланиб келмоқда.
Ушбу ҳадисдан олинадиган фойдалар:
1. Қуённи овлаш мумкинлиги.
2. Овланган ҳайвонни шариатга мувофиқ сўйиш зарурлиги.
3. Овланган ҳайвон гўштини ҳадя қилиш мумкинлиги.
Абу Толҳа ва Анас розияллоҳу анҳуларнинг Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга овланган қуённинг икки сонини юборишлари саҳобаларнинг у зотга бўлган муҳаббатларини кўрсатади. Бундан раҳбар, устоз ва олим кишилар ана шундай эҳтиромга сазовор эканликлари келиб чиқади.
4. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадяларни қабул қилганлари ва қуён гўштини еганлари.
(“Ҳадис ва Ҳаёт” китобидан).