Ассалому алайкум! Ассалому алайкум, Устоз ! Авваллари ҳеч ўйлаб кўрмаган эканман. Россияда юрган вақтимда, уйимизга синглимнинг синфдоши бир рус қиз келиб турар эди. Одатда ҳаммамиз рўмолда юрганимиз учун Ислом дини ҳақида кўп сўрар эди. Биз эса қўлимиздан келганича тушунтиришга ҳаракат қилар эдик, албатта яхши ният билан. Бир куни яна одатдагидек савол берди. Бу саволни тўғриси биринчи маротаба эшитгандим ўшанда. Саволи: «Ой ҳақида, яьни масжидлар гумбази тепасидаги ва шунга ўхшаш нарсаларда келтирилган ойнинг маьноси нима ва у нимани англатиши» ҳақида эди. Билмаганим учун жавоб бера олмадим. Шу нарса ҳақида айтиб берсангиз? Саволим нотўғри бўлса, узр. Жавоб учун олдиндан катта раҳмат. Аллоҳ сиздан рози бўлсин!
«Билимсизликнинг шифоси» ҳайъати:
Ва алайкум ассалом! Муҳаммад Фотиҳ Истанбулни (Константинополни) фатҳ қилиш учун келади. Авваллари бир неча бор фатҳ қилишга ҳаракат қилиб, зафарга эриша олишмаган эди. Шунда Муҳаммад Фотиҳ ҳам қуруқликдан, ҳам сувдан кечиб ўтишни йўлга қўяди. Ҳужум пайтида замбаракдан ўқ отишса, душман билиб қолишининг олдини олиб, бир вақтни тайин қилишади. Ойнинг охири бўлгани учун янги ҳилол кўринишини ҳужум қилиш пайти деб келишишади ва ҳилол кўриниши билан ҳужумни бошлаб, зафар қозонишади. Ана шунда масжид минорасига ҳилол рамзи ўрнатилади ва бошқа масжид минораларига ҳам уни ўрнатиш ҳолати тарқалиб, одатга айланиб қолади. Валлоҳу аълам