Ассалому алайкум! Мен 22 ёшдаман. Шу пайтгача бирор марта отамни кўрмаганман, ҳатто қанақа инсонлигини ҳам билмайман. 2 ойлик чақалоқлигимда ота-онам ажрашиб кетишган. Бирор марта кўргани келмаганлар, ҳеч кимдан сўрамаганлар, "Дадажонимга", деб тўйимга таклифнома жўнатдим, келмадилар. Шу 2-3 ойдан бери ота меҳрини қумсаяпман. Ҳозир мен отамнинг уйига борсам бўладими? Қандай қабул қилишаркин? Бошқалардан эштаман, "ана, катта бўлиб отасини топиб олди, бойлиги учун", дейишади. Асло ундай эмас, менга "қизим", деб бағирларига боссалар бўлди, уларни жуда ҳам кўришни, гаплашишни хоҳлайман, кўрмаган бўлсам ҳам жуда соғинаман. Балки 2 йилдан бери болалик бўла олмаётганим учунми...
– Ва алайкум ассалом! Қалбингиз отангизни кўришга интилаётган бўлса албатта бориб кўриб келинг. Аммо набодо кўзларида меҳр кўрмасангиз хафа бўлманг. Чунки у сизга нисбатан беэътибор бўлиши мумкин. Сабаби, кўп йиллардан бери сизни кўрмаган, сиз учун куймаган, сиқилмаган, она каби ўйланиб кетмаган. Эркакларнинг дунёқарашида эр-хотин ажрашганидан кейин фарзандига ҳам эътиборсизроқ бўлиб қолиш улар учун оддий ҳолат. Эркак киши аёл кишидек эмоционал инсон эмас. Шунинг учун ажрашгач болани ҳар куни ўз уйида кўра олмаслиги унинг руҳиятини синдиради. Шу сабабдан, ўзини муҳофаза қилиш учун эркак кишининг мияси фарзанд ҳақидаги чуқур сиқилишларга олиб келиши керак бўлган ҳолатларни хотирасидан ўчириб ташлайди. Эркак киши ўзини бундай сиқилишлардан муҳофаза қила олади ва кўп ишлашга шўнғиб кетади ёки бошқа амалларни қилиб кўради. Уларнинг психикаси, физиологияси шуни талаб этади. Агар сизнинг отангиз ҳам ўзини шундай тутса, бунга кучли эътибор қилиб, ўйланиб қолманг. Бунда ҳеч ҳам ўзингизни, онангизни ёки отангизни айбламанг. Бу тақдир. Валлоҳу аълам!