Ёмон ҳаёллар

06:16 / 18.12.2020 | Zhassurbek Boltabayev | 813

Ассалому алайкум! Ҳар хил ёмон ҳаёллардан қандай қутулсам бўлади? Инсон ўзини ҳаёлига қараб ҳам амаллар бажаради, шунинг учун фақат яхши ҳаёллар билан юриш керак деб эшитганман. Аммо негадир кўпинча ёмон ҳаёллар келаверади. Масалан, ўзимни ривожлана олишимни эмас, балки "бу илм менга қийин бўлсачи, ўргана олмасамчи", деган ҳаёллар кўп келади. Маслаҳат берсангиз, илтимос. 

Руҳшунос:

– Ва алайкум ассалом! Шайх хазратлари Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф роҳимаҳуллоҳнинг “Амаллар ниятга боғлиқдир” китобларини ўқиб чиқишни тавсия қилган бўлардим. Бу китобда Шайҳ ҳазратлари шу мавзудаги ҳадисни тўлиқ шарҳлаб, ёритиб берганлар. Инсон ўз ҳаёллар оқимини тўхтатишга ҳаракат қилиши лозим. Онгига буйруқ қилишни ўрганиши керак. Ёмон ҳаёлларнинг келиши бир томондан инсоннинг мия фолияти, психологик ҳолати яхши эмаслиги сабабидан бўлса, иккинчи томондан соғлигидаги ўзгаришлари, хусусан минераллар етишмовчилиги, эндорфинлари етарли бўлмаётганлиги сабаб бўлади. Тўғри овқатланиш, яъни, минерал ва витаминларга бой бўлган таомларни, кўпроқ мева ва сабзавотларни истеъмол қилиш керак. Уйқуни назорат қилиш шарт. Кечқурун соат ўнларда ухлашга ётиши ва тонгда 6 дан кейин ухламаслиги керак. Ҳар куни 1-2 соат пиёда юриши, жисмоний машқлар билан шуғулланиши инсоннинг негатив, яъни салбий ҳаёллардан халос бўлишига катта ёрдамдир. Албатта инсон ёмон ҳаёллар келганида унинг тескарисини ўзига ўзи уқдириши керак. Валлоҳу аълам!