Ассалому алайкум! Аёллар ва эркаклар намози орасидаги фарқ ҳақида ҳадис борми?
«Билимсизликнинг шифоси» ҳайъати:
Ва алайкум ассалом!
1. Язийд ибн Абу Ҳабибдан ривоят қилинади:
“Набий соллаллаҳу алайҳи васаллам намоз ўқиётган икки аёлнинг олдидан ўтдилар ва: “Қачон сажда қилсангиз, гўштнинг баъзисини ерга текказинг. Албатта, аёл киши бунда эркакка ўхшамас”, — дедилар”.
Абу Довуд ривоят қилган.
2. Нофеъдан, у Ибн Умардан ривоят қилинади:
“У кишидан Набий соллаллаҳу алайҳи васалламнинг даврларида аёллар қандай намоз ўқишлари ҳақида сўралди. “Оёқларини чалиштириб ўтирар эдилар. Кейин текисланиб-қимтиниб ўтиришга амр қилиндилар”, деди.
Абу Ҳанийфа ривоят қилган. (Жомеъул Масонийд, 1-жуз).
3. Али розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
“Қачон аёл киши сажда қилса, қимтиниб ўтирсин, икки сонини йиғиштирсин”, деди”.
Имом Абу Бакр ибн Абу Шайба ривоят қилган.
4. Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
“Қачон аёл киши намозда ўтирса, бир сонини иккинчи сони устига қўяди. Қачон сажда қилса, қорнини сонига имкони борича қимтиниб теккизади. Чунки, Аллоҳ таоло унга назар солиб туради ва “Ҳой, фаришталарим! Сизларни гувоҳ қиламанки, уни мағфират қилдим”, дейди”, — дедилар”.
Ибн Адий “Комил”да ва Байҳақий “Сунан”да ривоят қилган.
Аёл билан эркак намозининг орасида фарқ борлиги ҳақида саҳобалардан ҳам асарлар ривоят қилинган. Саҳобаларнинг асарлари жумҳур уламолар хусусан тўртта имом Абу Ҳанифа, Шофеъий, Молик Аҳмад ибн Ҳанбал роҳматуллоҳи алайҳимлар наздида ҳужжат саналади. Уларнинг асарларига эътимод кучли ва эътиборга лойиқдир.
Имоми Аъзам ўзларининг мазҳабини баён қилиб: «Мен биринчи ўринда Қуръонни сўнгра ҳадисни оламан. Агар уларда бирор далил бўлмаса, саҳобалар сўзларини оламан. Булардан ташқарига чиқмайман», дедилар.
Шунинг учун шу ўринда саҳобаларнинг асарларини зикр қилиб ўтамиз.
عن عبد ربه بن سليمان قال: رأيت أم الدَّردَاء رضي الله عنه كانت ترفع يديها إلى منكبيها
2. Абдуроббиҳ ибн Сулаймон розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Мен Умму Дардони кўрганман. У (намозда) икки қўлини икки елкаси баробаригача кўтарар эди».
Имоми Бухорий, Ибн Абу Шайбалар ривояти.
Бундан маълум бўладики аёллар елкалари баробаригача қўл кўтарадилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қўлларини елкаларигача кўтаришларини кафтларини елкаларигача кўтарганлар, бармоқларининг учлари қулоқларининг баробарида бўлганликка ҳамл қилинган. (Баҳрур роиқ).
Бунга ҳамл қилинганлигини Абу Довуднинг Воил ибн Ҳужрдан қилган ривояти ҳам қувватлайди:
«Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни намозга турганларини кўрдим. У зот икки қўлларини елкаларигача кўтардилар ва бошмалдоқларини қулоқларининг баробарида қилдилар. Сўнг такбир айтдилар». (Абу Довуд ривояти).
.عن علي قال: لا تؤم المرأة
3. Али розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Аёл киши имом бўлмайди». Ибн Абу Шайба ривояти.
Аллома Зафар Аҳмад Усмоний бу ривоятнинг барча ровийлари сиқа (ишончли) деган. Бу ривоятдан ҳам аёл билан эркакнинг намозда фарқи борлиги маълум бўлади. Валлоҳу аълам!.