Ассалому алайкум! Мен кўпинча яқинларим ва кўпчилик орасида шариатимизга зид равишда гап сўзлар ва қилинаётган ишларга гувоҳ бўлиб қоламан.Улар гапираётган гаплар, ишлар асосиз амаллар ва ҳадис китобларда бундай гаплар ва ишлар ҳақида ёзилмаган. Уларга буни тушунтириш жараёнида зиддиятларга дуч келиб қолмоқдаман. Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф раҳимаҳуллоҳнинг китобларини ўқиб кўп нарсаларни ўргандим, алҳамдулиллаҳ.Тортишувларга бориб қолмаслик учун ўзим риоя қилсамда бошқаларни бунга тарғиб қилмасам, Аллоҳнинг олдида гуноҳкор бўлиб қолмайманми?
– Ва алайкум ассалом!
Абу Саъид Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Сиздан ким бир мункарни кўрса, ўшани қўли билан ўзгартирсин, агар қудрати етмаса, тили билан, агар бунга ҳам қудрати етмаса, дили билан. Аммо буниси иймоннинг энг заифидир», дедилар».
Муслим, Абу Довуд, Термизий ва Насаий ривоят қилганлар.
Албатта тортишиш шарт эмас. Сиз шу нарсанинг мункар эканини билдириб қўйишингиз керак, ҳеч бўлмаганда.
Валлоҳу аълам!