Ассалому алайкум! Ота-онаси ҳожи бўлган қизга уйландим. Қиз ёшлигидан ўранган, ёши 18да. Аёлим намозни мен билан бирга бўлганда ўқийди, аммо ёлғиз қолганда ўқимайди. Танқидларимга қарамасдан ўзгармаяпти. Аёлим мени ҳулқимдан рози, яхши кўради. Берган маслаҳатларимга ўзим ҳам амал қиламан. Жуда итоатли китоблар ҳам, Қуръон ҳам ўқиб туради. Ундан кўнглим совиб қолишидан қўрқяпман. Қандай маслаҳат берасиз?
«Билимсизликнинг шифоси» ҳайъати:
Ва алайкум ассалом!
Аллоҳ таоло Тоҳа сурасининг 132-оятида марҳамат қилади:
«Аҳлингни намозга амр эт ва ўзинг унга сабр қил. Биз сендан ризқ сўрамасмиз. Биз сенга ризқ берамиз. Оқибат тақвоникидир.»
Мусулмоннинг биринчи бурчи аҳлини, оиласини мусулмон қилишдир. Бу ишда намоз муҳим ўрин тутади. Шунинг учун, аҳлингни, оила аъзоларингни намоз ўқишга буюр. Ўзинг ҳам сабр ила намозда бардавом бўл ва аҳлингни намозга ундашда давом эт.
Аллоҳ сендан бошқа нарсани сўрамайди.
«Биз сендан ризқ сўрамасмиз. Биз сенга ризқ берамиз.»
Ўша берган ризқимизга шукр қилиб, намоз ўқи ва намозга буюр.
«Оқибат тақвоникидир.»
Яхши оқибатга сазовор бўлиш тақвога боғлиқдир.
Шу сабаб аҳлингизни намозга буюраверинг ва буни ҳеч малол олманг. Сабрли бўлинг. Дарров кўнгил қолиши билан, кечиш билан ечим бўлмайди. Мардлик юқоридаги оятга амал қилишдир. Валлоҳу аълам!.