Ассалому алайкум! Ёшим 21да, турмушга чиққанман, ҳомиладорман. Алҳамдулиллаҳ, турмуш ўртоғим билан фарз ибодатларни вақтида адо этиб, суннатга амал қилишга ҳаракат қиламиз. Ҳозирги кунда қайнонам ҳомиладорлигингиз сабаб деяптилар, яна билмадим, инжиқ, ўта йиғлоқи, арзимаган нарсага хафа бўладиган бўлиб қолганман. Илгари Қуръон ўқиганимда ёки тинглаганимдан қалбим таскин топиб бу дунёдан узилгандай, ажойиб оламга тушиб қолардим, ҳозир эса шу ҳаловатни тополмай қолганман. Аёл кишини тақвоси эрига бўлган муносабатига боғлиқ дейилган, эрим билан муносабатларимиз ҳатто ҳавас қилгудек, доим мени тушунадилар, ҳатто ўзим тушунмаган вақтда ҳам. Менга шу тушкун ҳолатимдан чиқишда ёрдам керак, илгариги ибодатлардаги ҳаловатни соғиняпман. Кўп ҳаракат қиляпман, инжиқлигим қолмаяпти. "Ҳомиладорлигингиз сабаб, ўтиб кетади", дейишяпти, лекин ўтиб кетишини кутолмаяпман. Ҳозирда нима қилишимни маслаҳат берасиз?
– Ва алайкум ассалом! Ҳомиладор вақтда аёл киши инжиқроқ, йиғлоқироқ бўлиб қолади. Чунки организмда гормонал ўзгаришлар содир бўлади. Организмда эса ҳамма нарса ҳурсандчилик бўлсин, ҳафачилик бўлсин, гармонларга боғлиқдир. Шунинг учун бир оз сабр қилиб туринг. Фарзандлик бўлсангиз ҳолатингиз яна ўз аслига секин-аста қайтади. Ҳомиладор вақтда аёл киши кўпроқ Қуръон ўқиши, зикрларига эътиборлик бўлиши керак. Витамин ва минералларга бой бўлган озиқ-овқатларни, асосан мева ва хом сабзавотлар, кўкатлардан қилинган салатларни, кальцийга бой бўлган сут маҳсулотларини, хусусан пишлоқ, қатиқ кабиларни истеъмол қилиб туринг. Уйқуингизни сифатли бўлишига, кўп пиёда юришга эътибор қаратинг. Валлоҳу аълам!