Ассалому алайкум! Онам амакимнинг кенжа ўғилларини эмизганлар. Амакимнинг катта ўғиллари менга эмизикли ака бўладими ёки номаҳрамми? Мен эса унинг онасини эмганман. Ҳўжайним билан аразлашиб қолдик. Сабаби опам билан телефонда гаплашаётгандик, опам амакимнинг ўғилларига телефон қилиб бизни “конференцияга” улади. Кейин амакимнинг ўғли билан фақат опам гаплашди. Мен эса жим турдим. Ҳўжайним рашк қилиб қаттиқ ҳафа бўлдилар “нега эшитасан?” деб. Ҳўжайнимнинг ҳафа бўлишлари ўринлими? Мен шариатга тўғри келмайдиган иш қилдимми?
«Билимсизликнинг шифоси» ҳайъати:
Ва алайкум ассалом!
Онангиз эмизган болагина сизга ё эмикдош ака ё ука бўлади.
Амакингизнинг катта ўғилларининг сизга эмикдош бўлишлари учун катта ўғил ҳам онангизни эмган бўшиш керак эди. Ўшандагина маҳрамлик собит бўлади.
Маҳрамлиги эътиборидан фақат амакингизни кенжа ўғли билан ака сингилдек гаплашишингиз жоиз. Шундан хулоса чиқариб олинглар. Онангизни эмганидан бошқалари сизга номаҳрамдир. Валлоҳу аълам.
Аёлнинг куёви, қайнотаси, қайнотасининг отаси, эрининг онасининг дадаси, ҳақиқий ака-укалари, ота бир ака-укалари, она бир ака-укалари, эмикдош ака-укалари ва эмикдош ака-укаларининг фарзандлари, ўзи эмган аёлнинг эри, ҳақиқий амакилари, тоғалари, бобосининг ака-укалари билан сафарга чиқиши мумкин. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Оиша розияллоҳу анҳога эмикдошлик орқали амакиси ва тоғаси бўлган эркаклардан қочиб, ҳижобланишга рухсат бермаганлар.
Никоҳи ҳаром қилинган аёллар ҳақида Аллоҳ таоло шундай деб марҳамат қилади:
«Сизларга оналарингиз, қизларингиз, опа-сингилларингиз, аммаларингиз, холаларингиз, ака-укаларингизнинг қизлари, опа-сингилларингизнинг қизлари, эмизган оналарингиз, эмикдош опа-сингилларингиз, хотинларингизнинг оналари, ўзингиз қовушган хотинларингизнинг қарамоғингиздаги қизлари – агар у(хотин)лар билан қовушмаган бўлсангиз, сизга гуноҳ йўқ – ва пуштингиздан бўлган ўғилларингизнинг хотинлари ҳамда опа-сингилни жамламоғингиз ҳаром қилинди. Аввал ўтгани мустасно. Албатта, Аллоҳ Ғафур ва Роҳиймдир. Қўлларингиз мулк қилиб олганлардан бошқа эрли аёллар ҳам (ҳаром қилинди. Бу) сизларга Аллоҳнинг битганидир» (Нисо сураси 23-24-оятлар).
Мисол учун, туққан онасининг никоҳи ҳаром бўлганидек, эмизган онасининг никоҳи ҳам ҳаром бўлади. Туғишган синглисининг никоҳи ҳаром бўлганидек, эмикдош синглисининг никоҳи ҳам ҳаром бўлади ва ҳоказо. Валлоҳу аълам!.