Макруҳ ҳақида

21:49 / 21.04.2017 | Савол | 1307
Ассалому алайкум! Макруҳ сўзини тушунтириб бeрсангиз ва нималар макруҳ ҳисобланади?
«Билимсизликнинг шифоси» ҳайъати:
Ва алайкум ассалом!
Макруҳи таҳримий (ҳаром ҳисобланадиган макруҳ).
Шариат (оҳод хабарларда) қатъий бўлмаган далил ила тарк қилишни жазм ила талаб қилган нарса макруҳи таҳримий бўлади. Бунга бировнинг савдоси устига савдо қилиш ёки совчилиги устига совчилик қилиш, эркакларнинг ипак ёки тилладан кийим ёки тақинчоқ сифатида фойдаланиши каби ишлар мисол бўлади.
Ҳанафийларда макруҳи таҳримийни қисқа қилиб «макруҳ» деб қўйилади. Уларнинг наздида макруҳи таҳримий ҳаромга жуда яқин нарса ҳисобланади. Аммо уни инкор қилган киши кофир бўлмайди.
Макруҳи танзиҳий (озодалик макруҳи).
Шариат тарк қилишни жазм бўлмаган ва уқубат та­йин қилмаган ҳолда талаб қилган нарса макруҳи танзиҳийдир. Бунга мушук ва йиртқич қушлар теккан сув билан таҳорат қилиш, суннати муаккада ишларни тарк қилиш кабилар мисол бўлади.
Макруҳи танзиҳийни тарк қилган одам савоб олади. Уни қилган одам иқобга учрамаса ҳам, маломатга қолади. (Кифоя)
Валлоҳу аълам!.