Руҳий ўзгариш

19:10 / 19.01.2021 | Inson O'zing | 669

Ассалому алайкум! Менга ғазабни енгиш ҳақида насиҳатларингиз жуда зарур. Уч нафар фарзандим бор. Уй юмушлари билан банд бўлар эканман, баъзида оғир кунларим хотирамга келади. Шунда болаларим нимадир сўраб ёки гапириб қолсалар қаттиқ уришиб бераман, ёки шу ҳаёлда хатосини кўрсам қўлим тарсакига кетади. Кейин виждоним қийналиб юраман. Эрим мени  тез-тез бурчакка қисиб арзимас айбимни куч билан иқрор эттирарди. Шу ҳолат менда такрорланмоқда. Айниқса катта қизим жабр кўряпти. Руҳиятимдаги салбийликни қандай йўқотсам бўлади? 

Руҳшунос:

– Ва алайкум ассалом! Ҳар бир инсон Аллоҳ берган ақл-идрокини ишлата билиши керак. Сизга Аллоҳ шу каби турмуш ўртоқни насиб этибди, эҳтимол ўша ҳолатга тушиш нақадар ёмон эканини сезишингиз ва сиз бу ҳолатларни бировларга қўлламаслигингиз учун тақдирингизда берилгандир? Инсон ўзини қўлга оламан деса, албатта унга йўл-йўриқлар очилиб берилади. Агар қўлимдан келмайди деса ҳаётида яхши тарафга ўзгаришлар бўлмай қолиши мумкин. Шунинг учун зудлик билан ўзингизни қўлга олинг. Вақтингизни шундай тақсимланки, болаларингиз билан тоза ҳавога сайрга чиқишга, улар билан ўйин ўйнашга, ўзингиз илм ва билим олишингизга вақтингиз етиши, дам олишингизга вақтингиз етиши ва албатта ўзингиз севган машғулотингизга ҳам вақтингиз қолиши керак. Болалар сизнинг бошингизга тушган у аянчли воқеалар учун жавобгар эмас. Сизнинг азобларингиз учун болалар изтироб чекиши жуда нотўғри ишдир. Уларни уришиш у ёқда турсин, қўл кўтариб ҳам бўлмайди. Йўқса, отасига ўхшаган озор берувчи ёки бировдан аламини оладиган бўлиб қолиши мумкин. Валлоҳу аълам!