Аёлимни бева қолган синглисига уйлансам бўладими?

15:46 / 08.02.2021 | АБДУЛАТИФ | 5144
Ассалому алайкум! Аёлимнинг синглиси бева қолди, икки фарзанди билан. Аёлим синглимни 2-никоҳизга олинг, демоқда. Шариатимизда синглисини никоҳимга олишим мумкинми? Агар мумкин бўлса раҳматли эрининг онасига айтиш керакми? Қаршилик кўрсатишга ҳаққилари борми?
Одинахон Муҳаммад Юсуф:

– Ва алайкум ассалом! Опа сингиллларни никоҳда жамлаб бўлмайди.

«Нисо» 23. Сизларга оналарингиз, қизларингиз, опа-сингилларингиз, аммаларингиз, холаларингиз, ака-укаларингизнинг қизлари, опа-сингилларингизнинг қизлари, эмизган оналарингиз, эмикдош опа-сингилларингиз, хотинларингизнинг оналари, ўзингиз қовушган хотинларингизнинг қарамоғингиздаги қизлари – агар у(хотин)лар билан қовушмаган бўлсангиз, сизга гуноҳ йўқ – ва пуштингиздан бўлган ўғилларингизнинг хотинлари ҳамда опа-сингилни жамламоғингиз ҳаром қилинди. Магар аввал ўтган бўлса, майли. Албатта, Аллоҳ ўта мағфиратлидир, ўта раҳмлидир.

Аввалда никоҳ муқаддас алоқа экани айтиб ўтилди. Албатта, бу алоқани тўғри ҳолда ўрнатиш керак. Бунинг учун эса уйланмоқчи бўлган инсон ўзига мос жуфт танламоғи зарур. Танлаш жараёнида эътибор бериш фарз бўлган шарт – хотинликка танланаётган аёлнинг никоҳи аёлни танловчи эркакка ҳалол бўлиши керак. Ислом шариати мусулмон эркакларга айрим тоифа аёлларга уйланишни ҳаром қилган. Мазкур тоифалар ушбу оятда, бундан олдинги ва кейинги оятларда ва Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадисларида баён қилинган. Бу борадаги илоҳий таълимот ва амрлар шулардан иборат бўлади. Исломдан бошқа дин ва тузумларда ҳам ушбу масалада ўз таълимотлари ва ҳукмлари бор. Уларнинг баъзилари Ислом таълимотлари билан тўғри келса, кўплари нотўғридир. Баъзи тузумларда Аллоҳ ҳаром қилган тоифадаги аёлларнинг никоҳини ҳалол қилишган. Ҳатто онасига уйланишга ҳам рухсат берилган. Бошқа бир тузумларда эса қабиласи бошқалиги, танасининг ранги бошқалиги, табақаси бошқалиги ёки шунга ўхшаш бошқа сабаблар ила ушбу тоифадаги аёлларнинг никоҳлари ҳаром қилинган. Ислом эса улкан ҳикматларни эътиборга олиб, насаб алоқаси, эмикдошлик алоқаси ва қудачилик алоқалари туфайли маълум тоифа аёлларнинг никоҳларини маълум тоифа эркакларга ҳаром қилган. Келинг, уларни бир-бир ўрганиб чиқайлик:

Насаб алоқаси туфайли никоҳи ҳаром бўлган аёллар:

«Сизларга оналарингиз, қизларингиз, опа-сингилларингиз, аммаларингиз, холаларингиз, ака-укаларингизнинг қизлари, опа-сингилларингизнинг қизлари...» ҳаром қилинди.

1. Никоҳи ҳаром қилинган аёллар тоифаси ояти каримада «оналар»дан бошланган.

Бу нарса насаб жиҳатидан асл бўлганларнинг никоҳи ҳаромлигига ишорадир. Яъни эркак кишининг ўз онасига, ота-онасининг оналарига никоҳланиши ҳаромдир. Буни шарҳлашга ҳожат бўлмаса керак. Ўз онасига эрлик қилиш нафақат инсонга, балки ваҳший ҳайвонлар табиатига ҳам зиддир. Ахир у ўз онасининг бир парчаси ҳисобланади. Бунинг устига, насаб жиҳатидан яқин бўлган кишиларнинг никоҳи икки томон соғлиғи учун ҳам зарар экани ҳаммага маълум. Улардан бўлган фарзандлар нимжон, касалманд ва ногирон бўлиб туғилиши тиббиёт ходимлари томонидан аниқланган.

2. Кейинги тоифа «қизларингиз»дир.

Бунга кишининг ўзидан тарқаган зурриётлари, жумладан, набира қизлари ва улардан кейинги табақалар ҳам киради. Ўзига жигаргўша бўлмиш қизининг эри бўлишни раво кўриш учун инсон инсонликдан чиқиши керак! Инсон табиатига мутлақо зид бўлган бу иш ҳам Ислом шариатида ҳаром қилингандир.

3. «Опа-сингилларингиз».

Туғишган бўлса ҳам, ота бир, она бошқа ёки она бир, ота бошқа бўлса ҳам, эркак киши учун ўз опа-сингилларига никоҳланиш ҳаромдир. Аввало, буларнинг асллари бир – бир қондан, бир қориндан пайдо бўлиб, бир хил сутдан катта бўлганлар. Инсонийлик табиатининг ўзи уларнинг эр-хотин бўлишларини кўтармайди. Уларнинг никоҳларидан келадиган табиий зарарлардан ташқари, ижтимоий зарарлари ҳам кўп. Агар мазкур шахслар орасида никоҳ жоиз бўлса, улар бир оила аъзолари сифатида бирга яшаш ва инсоний алоқаларда бўлиш имконига эга бўлмай қоладилар. Чунки никоҳи жоиз бўлган эркак ва аёлнинг бир жойда туришлари, ёлғиз қолишлари кўплаб муаммоларни келтириб чиқаради. Хотин эрини унинг опа-сингилларидан ҳам қизғанадиган бўлиб қолади. Бу мулоҳаза бошқа тоифаларга ҳам жорийдир.

4. «Аммаларингиз, холаларингиз».

Булар билан ҳам насаб алоқалари бўлиб, бу одамлар ҳам юқорида зикр қилинган тоифаларга ўхшашдир. Амма-холалар одатда онанинг ўрнига ўтадиган, ота ва она тарафнинг вакиллари ҳисобланадилар. Улар билан никоҳда бўлиш соғлиқ, ахлоқ-одоб ва қариндошлик жиҳатларидан катта зарарлар келтиради.

5. «Ака-укаларингизнинг қизлари, опа-сингилларингизнинг
қизлари».

Булар ҳам насаб жиҳатидан алоқадор бўлиб, аввалги зикр қилинган ва яна Аллоҳнинг Ўзи биладиган бошқа ҳикматлар сабабли уларнинг никоҳлари ҳам ҳаром қилинган.

Эмизиш туфайли никоҳи ҳаром бўлган аёллар:

6. «...эмизган оналарингиз, эмикдош опа-сингилларингиз»нинг никоҳи ҳаром қилинди.

Бу жумлада эмиш орқали никоҳи ҳаром бўлган аёллар зикр
қилинмоқда. Ояти каримада фақат икки тоифа – эмиш туфайли аслга айланган, яъни она бўлганлар ва уларнинг шохобчалари бўлмиш
эмикдош опа-сингилларгина зикр қилинмоқда. Пайғамбаримиз алайҳиссалом эса бу борада: «Насаб жиҳатидан (никоҳи) ҳаром бўлганлар эмиш жиҳатидан ҳам ҳаром бўладилар», – деганлар. Яъни насаб
жиҳатидан қайси тоифадаги аёлларнинг никоҳи ҳаром бўлса, эмиш
туфайли ҳам ўша тоифаларнинг никоҳи ҳаром бўлади. Бундай ҳукмлар остига кирадиган эмиш шуки, икки ёшдан кичик бўлган гўдакнинг онасидан бошқа сутли аёлни тўйиб эмишидир. Ана ўшанда у аёл боланинг онасига, у аёлнинг эри боланинг отасига, у аёлнинг болалари эса уни эмган боланинг ака-укаси ва опа-сингилларига айланадилар. Шунингдек, аёлнинг бошқа қариндошлари ҳам уни эмган болага хеш бўладилар. Бу ҳукмнинг ҳикмати тўлалигича Аллоҳнинг Ўзига маълум. Баъзи ҳикматлари эса ушбу ояти карима нозил бўлганидан бир неча асрлар ўтиб, маълум бўлди. Гўдакнинг суяги ва эти она сутидан шаклланар экан. Бир онанинг сутини эмиб катта бўлган инсонларнинг физиологик хусусиятлари бир хилда шакллангани туфайли улар орасида никоҳ алоқаси боғланса, ўзларига ҳам, улардан бўлган болаларга ҳам катта зарар бўлади. Буни мусулмонлардан бошқалар энди-энди тушуниб келмоқдалар.

Қудачилик асосида никоҳи ҳаром қилинган аёллар:

«...хотинларингизнинг оналари, ўзингиз қовушган хотинларингизнинг қарамоғингиздаги қизлари – агар у(хотин)лар билан қовушмаган бўлсангиз, сизга гуноҳ йўқ – ва пуштингиздан бўлган ўғилларингизнинг хотинлари ҳамда опа-сингилни жамламоғингиз ҳаром қилинди. Магар аввал ўтган бўлса, майли. Албатта, Аллоҳ ўта мағфиратлидир, ўта раҳмлидир».

7. «Хотинларингизнинг оналари».

Қайноналар ва катта қайноналарга (қайнотанинг онасига ҳам, қайнонанинг онасига ҳам) уйланиш куёв учун ҳаром. Булар қудачилик алоқалари туфайли никоҳи ҳаром бўлган аёллар тоифасига кирадилар. Қайнона ҳам она, унга уйланиш мутлақо мумкин эмас. Қизи билан бўлган оилавий ҳаётнинг ҳурмати бор. Сўнгра, агар қайнонага уйланиш мумкин бўлса, қизи эрини онасидан қизғаниб, она-болалар орасидаги алоқалар ҳам бузилиши табиий.

8. «Ўзингиз қовушган хотинларингизнинг қарамоғингиздаги
қизлари».

Шариат ҳукми бўйича, эркак ва аёл рози бўлгач, ақду никоҳ ўтиши билан улар эр-хотинга айланадилар. Бирга эр-хотинлик қилиб яшасалар, бу араб тилида «духул бўлди», дейилади. Аммо ақду никоҳдан сўнг уларнинг бирга яшамасдан турган ҳоллари ҳам бўлиши мумкин. Бу икки ҳолатнинг ўзига хос ҳукмлари бор. Ушбу ҳолатларни биз таржимада «қовушган» ёки «қовушмаган» деб зикр қилдик. Ана ўша ҳолатларга тегишли ҳукмлардан бири никоҳи ҳаром бўлган аёллар масаласида ҳам келмоқда. Яъни бир одам аёл киши билан ақду никоҳни ўтказган ҳамда «духул» қилган, яъни қовушган ҳам бўлса, ўша хотиннинг аввалги эридан бўлган қизи бу эркакка ҳаром бўлади. Ояти каримадаги «қарамоғингиздаги қизлари» деган жумла урфга кирган, кўп учрайдиган одатни эътиборга олиб айтилган. Аслида ўгай қиз ўгай отасининг қарамоғида бўлмаса ҳам, улар ўртасидаги никоҳ ҳаром бўлаверади. Бу ҳукмнинг ҳикмати ҳам аниқ кўриниб турибди. Агар эркак кишига ўгай қизига уйланишга рухсат берилса, у қизнинг ўз онаси билан муносабатлари қийинлашади. Қолаверса, ўгай қиз ҳам қиз ўрнида. Аммо юқоридаги шартга кўра, ақду никоҳ бўлган-у, ҳали духул бўлмасдан туриб, аёл билан ажрашса, унинг қизига уйланса бўлади.

9. «Ва пуштингиздан бўлган ўғилларингизнинг хотинлари».

Яъни келинлар. Бу ерда «пуштингиздан бўлган ўғилларингиз» дейилишидан тутинган ўғиллар бу ҳукмга кирмаслиги аён бўлмоқда. Келинларга уйланишни ман қилишда ахлоқий, инсоний муносабатлар эътиборга олиниши билан бирга, худди юқорида зикр этилган ҳолатлардаги каби, қариндошлик алоқаларини эҳтиётлаш ҳикмати ҳам бор. Мазкур тоифаларнинг никоҳи абадий ҳаромдир.

10. «Опа-сингилни жамламоғингиз ҳаром қилинди».

Яъни бир киши ўз никоҳида турган хотинининг опа-синглисига уйланиши мумкин эмас. Бундай никоҳнинг ҳаромлиги вақтинчадир. Агар никоҳида турган опа ёки сингил ила никоҳ алоқаси узилса, у ҳолда унинг опаси ёки синглисига уйланса бўлаверади.

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам аёл билан унинг аммасини ёки холасини қўшиб хотин қилмоқликни ман қилганлар. Бундай никоҳлар қариндош хотинлар орасидаги муносабатларни бузади, шунинг учун ҳаром қилинган.

Оятнинг охирида:

«Магар аввал ўтган бўлса, майли», – дейилмоқда.

Яъни Исломнинг ушбу ҳукми тушгунга қадар бунга ўхшаш никоҳлар бўлган бўлса, улар ҳукм жорий қилинмасидан олдин, эски урф-одатга биноан қилинган, деб ҳисобланади ва кечирилади.

Имом Аҳмад ибн Ҳанбал Заҳҳок ибн Феруздан, у киши отасидан қилган ривоятда: «Мусулмон бўлганимда икки хотиним бир-бирига опа-сингил эди. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам улардан бирини талоқ қилишимни буюрдилар», – дейди.

 Валлоҳу аълам!