Умра зиёрати

22:47 / 21.04.2017 | Савол | 1659
Ассалому алайкум! Ҳаж ва умра зиёратига боришда инсонларни ёшлари ҳисобга олинадими?
Мисол учун: холаваччам 31 ёшда умра ҳажига зиёратга бормоқчи. Зиёратга борган вақти ҳайз бўлиб қолса зиёрати нима бўлади?
Катта ҳажга ёш аёллар ҳам боришмоқда. Ҳаж амалини бажараётган вақти ойлик кўриб қолса зиёратга таъсири борми?
«Билимсизликнинг шифоси» ҳайъати:
Ва алайкум ассалом!
Ҳаж ва умра ибодатлари ёш билан чекланмаган. Балоғатга етгандан то умрининг охиригача адо этилаверади. Узрли ҳолатлар ҳақида қўйидаги маълумотлар бор:
САВОЛ: Тавоф қилаётган аёл ҳайз кўриб қолса нима қилади?
ЖАВОБ: Қайси турдаги тавоф бўлса ҳам, ўша заҳоти тавофни тўхтатиб, масжиддан чиқиши лозим. Туриб қолса, гуноҳкор бўлади.
САВОЛ: Ҳоиза аёл ҳаж амалларидан қай бирини бажариши мумкин?
ЖАВОБ: Ҳоиза аёл ҳажнинг тавофдан бошқа барча амалларини бажарса бўлади. Тавоф учун эса поклик шартдир. Ҳоизанинг масжидга кириши жоиз эмас. Агар бир аёл ҳайз ёки нифос кўрган ҳолатида илмсизлик қилиб ёки қасддан етти марта тавоф ёки тавофнинг тўрт ёки ундан кўпроқ қисмини адо қилса, зиммасига учта иш вожиб бўлади:
а) ҳаром амал ҳисобланган – нопок ҳолатда масжидга кириш ва тавоф қилиш гуноҳидан тавба қилиш;
б) пок бўлгач, тавофини қайтадан қилиш;
в) агар қайтадан қилмаса, битта мол ёки битта туя сўйиш.
Эслатма: агар ҳайз ҳолатида адо қилган тавофини пок бўлгач, қайта адо қилмаса ва ватанига кетиб қолса, мийқотдан ўтиб кетмаган бўлса, эҳромсиз қайтиб келиб, зиёрат тавофини адо қилади. Агар мийқотдан ўтиб кетиб бўлган бўлса, қайтиб, мийқотдан умрага эҳромга кириб, умранинг амалларини тугатгач, зиёрат тавофини адо қилади. Агар ватанидан ортига қайтмаса, ватанидан туриб, Ҳарамда бир мол ёки туяни қурбонлик қилдиртиради. Шундан сўнггина эҳромдан чиқади.
Агар зулҳижжанинг 10-куни илмсизлик қилиб ҳайз ҳолатида зиёрат тавофини қилса, сўнг 11, 12-кунлари пок бўлса, зиёрат тавофини қайтадан қилади ва ҳайз ҳолатида зиёрат тавофини қилгани учун зиммасига вожиб бўлган туя ёки мол соқит бўлади. Агар 11, 12-кунлари пок бўлгач, зиёрат тавофини қайта қилмаса ҳамда қурбонлик кунлари ўтиб кетса, зиёрат тавофини қилади ва ҳайз ҳолатида зиёрат тавофини қилгани учун зиммасига вожиб бўлган туя ёки мол соқит бўлади. Лекин пок бўла туриб, қурбонлик кунларидан кечиктиргани учун бир қўй ёки эчки қурбонлик қилиш вожиб бўлади.
Агар ҳайз ёки нифос ҳолатида зиёрат тавофидаги айланишни уч ё ундан кам ададда қилса, зиммасига қуйидаги уч иш вожиб бўлади:
а) ҳаром бўлган амал, яъни нопок ҳолатда масжидга кириш ва тавоф қилиш гуноҳидан тавба қилиш;
б) пок бўлгач, тавофини қайтадан қилиш;
в) агар қайтадан қилмаса, битта қўй ёки битта эчки сўйиши (мол ёки туя эмас) вожиб.
Агар зиёрат тавофини қайта қилаётганда аввал қилган уч ёки ундан кам тавофни ҳам қўшиб қайта қилса, қурбонлик қилиш соқит бўлади ва ҳар бир айланиш эвазига икки килограммдан буғдой ёки унинг қийматини садақа қилиш вожиб бўлади.
Агар бир аёл ҳайз ёки нифослик узри бўлмасдан туриб, тавофи зиёратнинг тўлиғини ёки кўп қисмини қурбонлик кунларидан (10-куни субҳи содиқ кирганидан то 12-кун қуёш ботгунича бўлган вақтдан) кечиктириб юборса, бир қўй ёки эчки зиммасига вожиб бўлади ва кечиктиргани учун тавба қилиши лозим бўлади.
Агар бир аёл ҳайз ва нифос узри бўлмасдан туриб, зиёрат тавофининг уч ва ундан камроқ айланишини 12-зулҳижжанинг қуёш ботгунича бўлган вақтидан кечиктириб юборса, ҳар бир айланиш эвазига фитр садақаси миқдорича (буғдойдан икки кг ёки унинг қийматини) садақа қилиши ва кечиктиргани учун тавба лозим бўлади. Валлоҳу аълам!.