Ассалому алайкум! 23 ёшман, доимий сиқилиш туфайли жуда кўп даволанаяпман. Сабаби отам. Эсимни танибманки отам юради, ўйнашлари опам билан, яъни боласи билан тенг. Онам билан бир уйда қамалиб қолганмиз, пул ҳам бермайди, доимо жанжал қилади. Ҳаёлимда ўз отамни кўп ғийбат қилиб қўяман.
– Ва алайкум ассалом! Ибодатларингизни вақтида бажариб, отангизга инсоф сўраб дуоларда бўлиб туринг. Отангизга насиҳат қила олмайсиз. Танбеҳ бера олмайсиз. Уришиб ҳам бера олмайсиз. Ҳар бир инсон ўз қилмишлари учун ўзи жавобгардир. Балоғат ёшидан ўтибсиз. Бемалол ўзингиз ишлаб онангизга яхши қараб, рўзғорингизни эплай оладиган ёшда экансиз. Отангизни ҳозирча қўяверинг. Ризқингизни отангиздан кутманг. Аллоҳ Ўзи етказувчидир. Фақат ишласангиз бўлгани. Ишлаб, ҳалол меҳнат қилиб яшашга ҳаракат қилаверинг. Наилож. Сизга шундай синов берилибди. Ҳар бир инсоннинг бошида турли синовлар бор. Ҳар бир одам роҳатда мазза қилиб яшаётгандек кўринади. Аммо уларнинг дардларини эшитсангиз "менинг ҳаётим яхшироқ эканку", деб ўйлаб қоласиз. Тақдирингиз ҳақида яхши гумонда бўлаверинг. Бу кунларга чиройли сабр қилсангиз албатта тақдирингизда яхши ўзгаришлар бўлади иншааллоҳ. Валлоҳу аълам!