Қанчалик ҳаққим бор?

22:11 / 24.02.2021 | N. Allanova | 559
Ассалому алайкум! Турмуш қурганимизга 5 йилдан ошди. Қайнонам шу 5 йил ичида хоҳлаган пайтида хонамизга (ичкарида эрим бўлганларида ҳам) бирор овоз ёки хабарсиз кириб келаверадилар. Баъзан хонада йўқлигимизда ҳам кирганларини сезамиз. Бунга қанчалик ҳақлари бор? Шайх Ҳазратларининг китобларида ўқиганимда аёл кишига уй-рўзғор буюмларидан ташқари бир қулфланадиган хона ҳам бериши кераклиги ва унинг мулки сифатида тайинланиши кераклигини ўқигандим. Балки мен адашгандирман, чунки ўқиганимга ҳам анча бўлган бу мавзуларни. Лекин шу хона мен учун берилган бўлса, уни истаган пайтим эримнинг рухсати билан қулфлаб юришим мумкинми? Жавобингиз учун катта раҳмат!
«Билимсизликнинг шифоси» ҳайъати:

– Ва алайкум ассалом! Мумкин. Кирадиган одам изн сўраб кириши керак, ким бўлишидан қатий назар.

Эр зиммасидаги хотин учун вожиб нафақалар беш қисмдир:

А. Таом.

Бунга озиқ-овқат, ичимлик ва таомга қўшиб ейиладиган (сирка, ёғ ва шунга ўхшаш) нарсалар ҳамда таом пишириш учун кетадиган барча маҳсулотлар киради. Таомнинг миқдори етарли бўлиши керак, мазкур миқдор эрнинг бой-камбағаллигига қараб белгиланади.

Б. Кийим.

Етарли даражада, бир сидирға кийим-бош доимо бўлиши керак. Ҳанафий ва Шофеъий мазҳабларида: «Ҳар олти ойда бир сидирға янги кийим олиб берилади», дейилган.

В. Маскан.

Эр ўз хотинини маскан – турар жой билан таъминлаши вожиб. Маскан эрнинг молиявий имконияти даражасида бўлади. Шу билан бирга, маскан тўлиқ жиҳозланган, унда яшаш учун керакли ҳар бир нарса бўлиши лозим.

Г. Агар хотин хизматкор ишлатиб юрадиган тоифадан бўлса, хизматкор солиб бериш ҳам унинг нафақасига киради.

Д. Тозалик асбоб-анжомлари ва уйнинг керакли матоҳлари.

(Бахтиёр оила.)

Валлоҳу аълам!