Ишим тўғрими?

08:55 / 24.04.2017 | Савол | 1257
Ассалому алайкум! 10 ёшли қизим намоз ўқишни хоҳлайди, лекин мактаб дарслари билан бирга чарчаб қоляпти. Катта бўлсанг ўқийсан десам хафа бўлади. Шу ишим тўғрими?
«Билимсизликнинг шифоси» ҳайъати:
Ва алайкум ассалом!
Бу ишингиз нотўғри, чунки ҳадиси шарифга зид:
Сабрата розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Бола етти ёшга етганда уни намозга буюринглар. Қачонки, ўн ёшга етса, унинг учун уришинглар», дедилар».
Бошқа ривоятда:
«Ётар жойларини ажратинглар», деб зиёда қилинган.
Абу Довуд, Аҳмад ва Термизийлар ривоят қилишган.
Шарҳ: Ушбу ҳадиси шарифда ёш болаларни исломий тарбия қилишда муҳим ўрин тутган баъзи нарсалар хусусида сўз бормоқда:
1. Етти ёшга етган болаларни намоз ўқишга буюрмоқ.
Болаларни қизиқтирадиган турли услублар билан, яхши ўрнак кўрсатиб, намозга ундаш керак бўлади. Ота-онасининг намоз ўқиётганини кўрган бола ўз-ўзидан уларга тақлид қилиб қолади. Ана шу ҳолатдан унумли фойдаланиб, болани тўғри йўлда давом этишини таъминлашга ҳаракат қилиш керак. Етти ёшга етганда боланинг ҳар намозни ўқишини кузатиб, ўқишга амр қилиб туриш керак.
2. Ўн ёшга етган бола намоз ўқимаса, уриш лозим.
Ота-онасининг яхшилик билан қилган ундовларига ўн ёшида ҳам юрмаган бола уришмаса тўғри йўлга тушмайди. Баъзи болаларнинг табиати шундоқ бўлади. Улар яхши гапдан кўра, дўқ-пўписа ила осон йўлга тушадилар.
3. Ўн ёшга етган болаларнинг ётар жойларини бошқа қилиб қўйиш.
Чунки ўша даврда уларда жинсий томондан уйғониш бошланади. Алоҳида ётмасалар, беодобликка ўрганиб қолишлари мумкин.
Агар ҳар бир оила ушбу набавий тавсиясига амал қилганида, орамизда бенамозлар бўлмас эди. Валлоҳу аълам!.